Дам олиш

Дам олиш, ҳордиқ чиқариш – чарчоқни ёзадиган (қ. Чарчаш), куч-қувватни жойига келтирадиган, иш қобилиятини тиклашга ёрдам берадиган фаолият ёки ором ҳолати. Меҳнат ва дам олиш одамнинг ўқиш, и. ч. ва бошқа(лар) фаолиятлари билан узвий боғланган. Етарли дам олмаслик – иш қобилиятининг пасайиши ва ҳатто йўқолиши, организмнинг ҳимоя кучи сусайиши, турли касалликлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиш саломатлик ва иш қобилиятини узоқ вақт сақлаб қолишга имкон беради.

Физиологик маънода дам олиш – фаолиятнинг алоҳида ҳолати бўлиб, бунда ишламай турган ҳужайралар ўз нормал таркибини тиклайди. Уйқу дам олишнинг энг таъсирли тури бўлиб, уйқу пайтида биринчи навбатда мия ҳужайраларида тикланиш жараёни жадал боради. Бир хил ишдан бошқасига ўтиш, ақлий фаолиятни енгил жисмоний меҳнат билан навбатлаш чарчокни йўқотади; бу ҳам дам олишнинг ўзига хос тури ҳисобланади. Оғир жисмоний ёки ақлий меҳнадан кейин иш қобилиятини мумкин қадар тезроқ тиклаш учун пассив ҳордиқни (тамомила тинч ҳолатда) актив дам олиш билан навбатлаш лозим.

Дам олишнинг 3 тури (кундалик, бир ҳафталик ва йиллик) мавжуд. Кундалик ҳордиққа иш куни давомида қисқа муддатли танаффусларда бажариладиган и. ч. гимнастикаси киради. Овқатланишга ажратилган вақтнинг бир қисмини тоза ҳавода ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик чарчоқ ёзиш тиниқиб ухлаш билан якунланади. Ҳафтада 5 кун ишлаб 2 кун Д. о. соф ҳавода узоқроқ бўлиш, спорт билан шуғулланиш имконини беради. Йиллик Д. о. таътил давомида таъминланади. Йиллик меҳнат таътилида табиат қучоғида бўлиш, ҳаво ва қуёш ванналари организмни чиниқтиришда ниҳоятда фойдали. Оқилона ҳордиқ. тартиби кўпгина омиллар, хусусан, меҳнат шароитлари, кишининг ёши ва бошқа(лар)га қараб танланади.

[addtoany]