Диатермия

Диатермия [диа… ва юн. therme – иссиқлик, ҳарорат] – электр билан даволаш усулларидан бири, бунда гавда ичкарисидаги тўқима ва аъзолар юқори частотали (1000-1650 кГц) ва катта кучли (3 А гала) ўзгарувчан ток билан интилади. Диатермияда бутун организмни иситмай туриб, гавданинг исталган жойида анча ичкаридаги тўқималар ҳароратини тез кўтариш мумкин. Бунда тўқималардаги иссиқлик ташқаридан берилган иссиқликка нисбатан узоқроқ ушланиб туради. Тўқималарни киздириш туфайли қон ва лимфа айланиши яхшиланади, моддалар алмашинуви кучаяди. Диатермия лейкоцитларнтт ҳимоя функциясини оширади, шу туфайли ўртача ўткир ва сурункали яллиғланиш касалликларини даволашда кўп қўлланилади. Юқори частотали ўзгарувчан ток тебранишлари марказий ва периферик нерв тизимининг қўзғалувчанлигини камайтириб, оғриқни босади, бу эса невралгия, неврит, радикулит, бод ва бошқа(лар) касалликларни даволашда қўл келади. Скелет мушаклари ва ички аъзо (жумладан, қон томири) мушаклари иссиқда бўшашади. Шунинг учун қон томирларининг торайишига алоқадор касалликларга, сийдик ва ўт йўллари, шунингдек, ўт пуфаги спазмига, меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг яра касаллигини даволашда диатермиядан фойдаланилади. Жарроҳлик, дерматология ва бошқа(лар) соҳаларда тўқималарни куйдириш ва қирқиш учун диатермия қулай, чунки унда деярли қон оқмайди, оғриқ кам бўлади, ўсма ҳужайралари ва инфекция тарқалиш хавфи камаяди (яна қ. Диатермокоагуляция).

[addtoany]