Диатез [юн. diathesis – мойиллик] – организмда моддалар алмашинуви жараёнининг туғма нуқсони, унда организм фаолиятлари ва моддалар алмашинуви сурункали беқарор ҳолатга келади, бу эса ўзига хос патологик реакциялар ва касалликларда намоён бўлади. Диатезнинг келиб чиқиши вегетатив нерв тизими, ички секреция безлари ва одам конституцияси билан боғлик. Ташқи муҳит шароити ёмонлаганда (овқатланиш тартиби бузилганда, организм касалланганда), марказий ёки вегетатив нерв тизимининг фаолияти бузилганда аъзолар тўғри ишлай олмайди, моддалар алмашинуви ўзгаради, натижада организмнинг ташқи муҳитга мосланиш хоссаси сусаяди, реактивлиги ўзгариб, муайян касалликларга мойил бўлиб қолади. Диатезда ҳатто одатдаги турмуш шароити ҳам патологик реакцияларга, касалликка сабаб бўлади.
Диатез, кўпинча, болаларда кузатилади. Унинг ҳар хил шакллари бор. Экссудатив-катарал датез, лимфатик-гипопластик ва нерв-артрик диатез кўп учрайди. Нерв-артрик Д. белгилари ёшга қараб ўзгаради: гўдаклик даврида ҳазм аъзолари фаолияти бузилиб, бола озишга мойил бўлади, асабийлашади, кейинроқ бориб, у озиб ёки семириб кетади, руҳан кўзғалувчан бўлади ва ҳ. к. Геморрагик диатез касалликнинг алоҳида бир тури ҳисобланади.
[addtoany]