- /
- /
- /
Диспансер
Диспансер [франц. dispensaire – таксилайман] – беморларнинг айрим гуруҳларига мунтазам даволаш-профилактика ёрдами кўрсатадиган махсус тиббий муассаса. Ўз соҳасига оид беморлар сонини аниқлаш, уларни ҳисобга олиш, даволаш, аҳволларини кузатиб бориш, иш ва яшаш жойларининг шароитини ўрганиш, бундан ташқари, касалликларга қарши курашиш, олдини олиш чоралари билан боғлиқ санитария маорифи масалаларини ишлаб чиқиш, тарғиб қилиш диспансернинг муҳим вазифасидир. Сил, тери-таносил, онкологик, психоневрологик, наркологик, кардиоревматологик, шунингдек, бўқоққа қарши, врачлик физкультура (спорт билан шуғулланувчиларни кузатиб турадиган) диспансерлари бўлади. Ҳар қайси соҳа диспансерлари ишининг ўзига хос томонлари бор. Масалан, силга қарши диспансер аҳолини ялпи флюорографик текширувдан ўтказади (қ. Флюорография), беморлар билан бирга бўлган кишиларни ҳисобга олади; психоневрологик экспертиза ўтказади; врачлик-физкултура диспансери шифокор назоратини амалга оширади. Уларнинг таркибида поликлиника, касалхона, клник-ташхис ва лабароториялар, ихтисослашган даволаш-профилактика хоналари, айрим ҳолларда кундузги ва тунги санаторийлар, меҳнат билан даволаш устахоналари, парҳез ошхона ва ҳ. к. бўлади. Туман Д. лари ўз ҳудудидаги аҳолига хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, шаҳар ва республика Д. лари ҳам бўлади.