Сил, туберкулёз – турли аъзолар, асосан, ўпкада ўзига хос яллиғли ўзгаришлар рўй бериши билан тавсифланадиган юқумли сурункали касаллик. Одамларда учрайдиган силни Фтизиатрия ўрганади. Немис микробиологи Роберт Кох (1882 й.) сил кўзғатувчисини аниқлаган (бу қўзғатувчи унинг шарафига Кох таёкчаси деб номланди). Сил касаллиги қадимдан маълум. Касаллик белгилари Гиппократ, Ибн Сино асарларида ҳам таърифланган.
Сил билан одамлардан ташқари, уй ҳайвонлари (асосан, қорамол), уй паррандалари (товуқ, курка)касалланади.
Одамларда касалликнинг асосий манбаи ўпка сили билан оғриб, микобактериялар аралаш балғам ташлаб юрадиган беморлардир. Туберкулёз ҳаммадан кўп ҳаво-томчи йўли билан тарқалади: йўталганда, аксирганда микобактерияли балғам ва шиллиқ зарралари ҳавога тарқалиб атрофидаги буюмларга тушади. Сил микобактерияси, асосан, нафас йўллари орқали киради. У бошқа микробларга нисбатан ташқи муҳитнинг турли таъсирларига жуда чидамли бўлиб, ўзининг яшаш ва кўпайиш хусусиятларини узоқ муддат давомида сақлаб қолади. Қуруқ ҳолдаги сил микобактериясига 36° ҳароратда таъсир этилса, у 180 кунгача, +70° киздирилса 7 соат давомида, оқар сувларда 150 кун, кўча чагида 10 кун ичида ҳаёт кечириш ва кўпайиш хусусиятларини йўкотмайди. Айниқса, қуёш нури тушмайдиган зах ерларда узоқ муддат сақланиб қолади. Сил микобактерияларининг атроф-муҳитда узоқ вақт сақланиши сил касаллигининг идиш-товок, кийим-кечак, ўрин-кўпа ва бошқа(лар) орқали юқиш эҳтимолини туғдиради. Касалликнинг очиқ ва яширин шакли фарқ қилинади. Касалликнинг очиқ шаклида бемор балғамида сил микобактериялари топилади; бемор гигиена қоидаларига риоя қилмаса, бошқаларга касал юктирувчи бўлиб қолиши мумкин. Касалликнинг яширин шаклида микобактериялар балғамда топилмайди, бундай беморлар атрофидагилар учун юқумли бўлмайди. Сил билан оғриган бемор барча гигиена қоидаларига риоя қилса, амалда атрофдагилар учун хавфли бўлмайди. Сил микобактериялари фақат ўлкани эмас, балки организмда соч ва тирноқдан бошқа бўғимлар, суяклар, мия пардалари, буйраклар ва бошқа(лар) аъзоларни зарарлайди. Сил касаллигига аксари ёш болалар (чунки уларда ҳали иммунитет суст ривожланган бўлади), балоғатга етиш давридаги ўсмирлар (нерв-эндокрин бошқарувининг беқарорлиги туфайли), шунингдек, организмнинг инфекцияга чидами сусайган ёши катта одамлар чалинади. Ўпка силига хос белгилар касаллик шаклига, ёшга ва бошқа(лар)га боғлиқ.
Бирламчи силда касаллик аломатлари яққол намоён бўлмайди. Бироқ тери остига туберкулин юбориб ўтказиладиган Манту синамаси мусбат чиқса ва беморда касалликнинг умумий белгилари (ранг кетиши, қувватсизлик, уйқу ва иштаҳа бузилиши, тез толиқиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, тунда терлаш) пайдо бўлса, бу сил интоксикациясидан дарак беради. Ёш болаларда касаллик мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга қараганда оғирроқ ўтади, аксари асоратлар кузатилади. Сил интоксикацияси болаларда рўй-рост намоён бўлади; боланинг ранги синиқади, инжиқ бўлиб қолади, иштаҳаси йўқолиб, тез-тез шмоллаб туради. Шифокорга ўз вақтида бориб, болани тўғри парвариш қилинса, одатда, бутунлай соғайиб кетади.
Иккиламчи сил – ўпка силининг ҳаммадан кўп учрайдиган шакли. У ўпкада ва лимфа тугунларида сақланиб қолган инфекция «кўри»дан келиб чиқади; нохуш шароитларда касаллик қўзғатувчиси фаоллашиб, жараённи зўратиради (фаол шакли). Сил микобактерияси бор бемор билан узоқ вақт мулоқотда бўлганда сил қайталаниши ҳам мумкин. Бунга организмнинг заифланиши, сифатсиз овқатланиш, стресслар, зарарли одатлар (чекиш, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик), сурункали касалликлар, ўпканинг носпецифик касалликлари, қандли диабет, гастрит, меъда-ичак яралари, ОИТС, шунингдек, ҳомиладорлик ва туғруқдан кейин организм ҳимоя қобилиятининг камайиши ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Одатда, иккиламчи сил ёшликда ва ўрта ёшда пайдо бўлади, ўз вақтида даво клинмаса, касаллик аста-секин, лекин тўхтамай ривожланади. Аксари ўпканинг юқори бўлкларида майда ўчоклар пайдо бўлади (Силнинг ўчоқли шакли), баъзан йирингли инфильтралар (Силнинг яллиғланган шакли) кузатилади.
Касаллик баъзан узоқ вақтгача ҳеч қандай аломатларсиз кечади, бироқ, ўпка сили риволанганда, яъни сил микобактериялари кўпайиши бошланганда организмда заҳарланиш аломатлари пайдо бўлади: ҳолсизлик, тез чарчаш, тунда терлаш, озиб кетиш ва бошқа(лар), бора-бора беморда йўтал зўраяди, ҳансирайди, нимжон бўлиб қолади. Зўр бериб даволаниш касаллик ривожланишининг олдини олади. Ўпкадан ташқаридаги С. (ҳиқилдоқ, ичак, буйрак, тери, суяк, бўғим ва бошқа(лар)) ўпка силига қараганда анча кам учрайди. Силни барвақт аниқлаш касалликни тўла-тўкис даволаш имконини беради.
Давоси. Даволаш, асосан, касалхона шароитида, шифокор назорати остида олиб борилади. Касалликка қарши ишлатиладиган замонавий дори-дармонлардан касалликнинг тури ва оғир-енгиллигига қараб тайинланади. Одатда, бу дорилар узоқ вақт давомида (бир неча ойлаб) қўлланади. Касалликни даволашда фойдаланиладиган кимётерапевтик дорилар маълум бир гуруҳларга бўлинади: изониазид ва унинг аналоглари, рифампицин; этамбутол, протионамид, этинамид, тизамид (пиразинамид), стрептомицин, канамицин, флоримицин ва бошқа(лар)
Олдини олиш ижтимоий, санитария, кимёвий ва махсус тадбирларни ўз ичига олади. Аҳоли яшайдиган жойларни ободонлаштириш моддий ҳаёт шароитини яхшилаш, аҳолининг умумий маданиятини ошириш ва санитария билимларини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни кенг ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шифокор буюрган кун тартибига амал қилиш, тўла-тўкис овқатланиш, иложи борича очиқ ҳавода бўлиш, хонани бобот шамоллатиб туриш лозим. Сил билан оғриган беморларни касалликнинг илк босқичларида аниқлаш мақсадида аҳолини оммавий текшириш, яъни флюорография текширувидан (камида 2 йилда 1 марта) ўтказиш ижобий натижа беради. Силни болаларда барвақт аниқлаш учун болалар поликлиникаларида, боғчаларида, мактабларда туберкулин синамаси ўтказилади. Ўзбекистонда барча янги туғилган чақалоқлар шифокорнинг монелиги бўлмаса, С. га қарши вакцинация қилинади; вақт-вақти билан (7, 12 ёшда) ревакцинация ўтказилади.
[addtoany]