Душ

Душ [итал. doccia – сув қувури] – сувнинг баданга зарб билан урилишидан иборат сув молажаси; гигиеник ва даволаш мақсадида қўлланилади. Сув оқимининг шаклига кўра ёмғирсимон (сув 1-2 мл ли майда найлардан отилиб чиқади), циркуляр (бунда бирталай ингичка сув оқимлари ҳамма томондан бир текис баданга урилади), оқимли (Шарко душ, 1-4 ат. босимдги сув оқими навбатма-навбат баданнинг турли қисмига йўналтирилади) ва бошқа душлар фарқ қилинади. Сув ҳарорати совуқ (20°дан паст), салқин (20-33°), илиқ (34-38°), иссиқ (40° атрофида ва ундан юқори) бўлиши мумкин. Бир-бирига зид бўлган, яъни гоҳ иссиқ, гоҳ совуқ оқимли душ шотланд души дейилади. Сув оқимининг йўналишига қараб бир текис, кўтарилувчи, тушувчи, шунингдек, сув босимига кўра паст (0,3-1 ат.), ўртача (1,5-2 ат.) ва юқори (3-4 ат.) босимли душлар ажратилади.

Сув ичида ўтказиладиган массаж ҳам муҳим муолажа ҳисобланади. Бунда ванндаги иссиқ сувда ётган кишининг бадани қўл билан эмас, балки махсус аппарат орқали босим остида юбориладиган сув оқими билан массаж қилинади. Сувнинг ҳарорати ва баданга уриниши душнинг физиологик таъсир этиш негизидир.

Нерв тизими ва моддалар алмашинувининг бузилиши билан боғлик функционал касалликларда бу муолажадан даво мақсадида фойдаланилади (яна қ. Сув билан даволаш).

[addtoany]