Эшакеми

Эшакеми, уртикария – терига, баъзан шиллиқ қаватларга тошмалар тошиши билан кечадиган касаллик. Организмнинг аллергик реакцияси (қ. Аллергия), айрим овқатлар (тухум, шоколад, қулупнай, мандарин) ва дорилар (антибиотиклар, сульфаниламид препаратлар, хинин ва бошқа(лар))га нисбатан сезувчанликнинг ортиши, ҳашаротлар (ари, чаён) чақиши, гул ҳидлаш ёки бирор ўсимлик (қичитқи ўт) тегиб кетиши туфайли вужудга келади. Бир неча соатдан кейин эшакеми батамом йўқолади, баъзан қайталаниб туради. Эшакемининг бот-бот қўзийдиган сурункали шакли ойлаб чўзилади; бу, одатда, организмда моддалар алмашинуви ва меъда-ичак фаолиятининг бузилиши, жигар, буйрак касалликлари; гижжа касаллиги ва секин кечадиган ўчокли инфекциялар: муртак бези, буруннинг ёндош бўшлиқлари ва қулоқнинг яллиғланиши (тонзиллит, гайморит, отит) билан боғлиқ. Кишиларнинг иссиқ ёки совуққа нисбатан сезувчанлигининг ортиши хам сурункали эшакемига сабаб бўлади. Касаллик тўсатдан бошланади: баданга шакли хар хил, катта-кичик, оч қизғимтир кавариклар тошиб, қаттиқ қилишади; теридан бўртиб чиқиб туради; улар тезда катталашиб, бир-бирига туташиб кетади; палахса-паласа бўлиб чиққан тошманинг ўртаси оқаради; бемор лоҳасланади, ҳарорати кўтарилади. Баъзан теридаги эшакеми тошмалари жуда йирик бўлиб (йирик эшакеми ёки Квинке шиши), бунда юмшоқ танглай, ҳалқум ва ички аъзоларнинг шиллиқ қаватлари ҳам шишиши мумкин. Эшакемининг бу шакли оғирроқ кечади. Даво шифокор кўрсатмасига биноан олиб борилади. Сут-ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган парҳез таомлар (туз ва қанд миқдори кам) буюрилади; аллергик реакция берадиган тухум, шоколад, лимон, шунингдек, қази, колбаса, спиртли ичимликлар ва аччиқ овқатлар истеъмол килмаслик; ичаларнинг нормал юриб туришини таъминлаш лозим.

Эшакемининг олдини олишда энг асосийси одам ўзига ёқадиган ёки ёқмайдиган овқат ҳамда дориларни ажрата билиши ва ёқмайдиганини истеъмол қилмаслиги зарур.

[addtoany]