Эшитиш – одам ва ҳайвонлар организмининг товуш тебранишларини қабул қилиш хусусияти; механик, рецептор ва нерв тузилмалридан ташкил топган эшитиш анализаторлари фаолияти туфайли рўй беради. Товуш таъсирида Одамда товуш сигналлари параметрини акс эттирувчи эшитиш сезгиси пайдо бўлади; бунинг натижасида товуш тебранишлари частотаси товуш баландлиги тарзида қабул қилинади. Организмларнинг эшитиш хусусияти улар эволюцион ривожланиши, яшаш муҳити ва товуш сигналарининг биологик аҳамияти билан боғлиқ. Эволюция жараёнида эшитиш тизими дастлаб ҳашароларда, кейинроқ барча умуртқалиларда пайдо бўлган. Эшитиш сут эмизувчиларда, айниқса, яхши ривожланган. Товуш тебранишлари ташқи эшитиш йўли (ташқи қулоқ) орқали ўтиб, ноғора падани тебратади. Тебранишлар ўрта қулоқдаги суякчалар орқали ички қулоқ суюқлиги (перлимфа ва эндолимфа)га ўтади. Пайдо бўлган гидромеханик тебранишлар чиғаноқ тўсиғи (асосий, яъни базиляр мембрана)ни ва унда жойлашган рецептор аппарат (Корти аъзоси) ни тебратади. Базиляр мембрананинг механик хусусияти унинг узунлиги бўйлаб бир хил бўлмайди: юқори частотали тебранишлар базиляр мембрананинг ички қулоқ чиғаноғи асосида, паст частотали тебранишлар эса унинг учки қисмида максимал амплитудага эга бўлган тебранишларни пайдо қилади. Шундай қилиб, Корти аъзосида товуш тебранишлари механик энергияси рецепторларни кўзғатади, қўзғалиш рецепторлардан эшитиш нервлари толаларига берилади. Нервларда пайдо бўлган биоэлектр птенциаллар эшитиш тизими маркази бўлимига ўтказилади. Эшитиш сигналлари фақат ҳаво орқали эмас, балки калла суяклари орқали ҳам ички қулоқка ўтказилиши мумкин.
Эшитиш сезгирлиги эшитишнинг мутлақ чегараси орқали баҳоланади. Бу чегара товушнинг эшитиш мумкин бўлган минимал жадаллиги дицибал (дб) китобида белгиланади. Қабул қилинадиган товуш тебранишлари частотаси диапазони эшитиш эгри чизиғи, герц ёки килогерц билан ифодаланади. Одам 10-20 гц дан 20 кгц гача бўлган товуш тебранишларини қабул қилади, 10 гц дан паст тебранишли товушлар узлуксиз товуш тарзида қабул қилинмайди. Одамда эшитишнинг энг қуйи чегараси 1-3 кгц частотага тенг. Жуда юқори тебранишли товуш талқинлари – шовқин (масалан, 140 дб оғриқ пайдо қилади; 150 дб товушга одам чидай олмайди). Ҳар хил ҳайвонлар турли диапазондаги товуш тўлқинларини (масалан, ҳашаротлар 0,2 кгц – 500 кгц, балиқлар 50-100 гц – 3-5 кгц, дельфинлар 100 гц -200 кгц) қабул қилади. Умуртқали ҳайвонлардан қушланинг эшитиш сезгирлиги судралиб юрувчиларникдан, сут эмизувчиларники қушлар ва судралиб юрувчиларникидан юқори бўлади.
Товушни фарқлаш имконияти дифференциал чегара, яъни эшитиш мумкин бўлган товуш ўзгаришининг минимал чегараси (жадаллиги ёки частотаси) билан белгиланади. Одамда товушни фарқлаш дифференциал чегараси (ўртача дипазонда) жадаллик бўйича 0,3-0,7 дб, частота бўйича 2-8 гц га тенг. Товуш сигналлари кучайиши билан товушни фарқлаш ҳам кучаяди, унинг дифференциал чегараси эса камайиб боради. Бундай ҳолат нутқ сигналлари ва мусиқа оҳангларини қабул қилишда ҳам намоён бўлади. Одамни мусиқа оҳанглари мутлақ баланлигини аниқлай олиш қобилияти мутлақ Э. дейилади. Бошқа бегона товушлар таъсирида товушни қабул қилиш хусусияти ёмонлашуви, ҳатто бутунлай йўқолиши мумкин (ниқоблниш ҳодисаси). Кучли товушлар узоқ вақт давомида таъсир этганида Э. сезгирлиги пасаяди (физиологик адаптация). Эшитиш тизими иккала симметрик жойлашган қисмларининг ўзаро таъсири товуш манбаини аниқлашга имкон беради (бинаурал самара). Бир қанча ҳайвонлар (кўшапалаклар, дельфинлар, айрим қушлар) объектларнинг фазода жойлашган ўрни, шакли, ўлчамини аниқлашга имкон берадиган махсус Э. тизими – эхолокация хусусиятига эга. Улар ўзлари чиқарган ва объектдан қайтадиган сигналларни қабул қилишади. Эшитишнинг физиологик механизмлари узил-кесил ҳал этилмаган; ЭШИТИШ АНАЛИЗАТОРЛАРИ эшитиш тизми – товуш тебранишларини эшитиш аъзолари орқали сезиб, таҳлил қиладиган механик рецепторлар ва нерв тузилмалари мажмуи. Эшитиш а. нинг тузилиши, айниқса, унинг периферик қисми Одамда ва ҳайвонларда фарқ қилади. Эшитиш а. ҳашаротларда тимпанал аъзо, суякли балиқларда сузгич пуфаги ҳисобланади. Сузгич пуфагининг тебраниши веберов аппаратига, ундан ички қулоққа ўтади. Сувда ҳамда қуруқликда яшовчилар, судралиб юрувчилар ва қушларнинг ички қулоғида қўшимча рецептор ҳужайралар (базиляр мембраналар – папилллар) ривожланади. Юксак умуртқалилар, жумладан, кўпчилик сут эмизувчиларда Э. а. ташқи, ўрта ва ички қулоқ, шунингдек, эшитиш нерви ҳамда кетма-кет туташган нерв марказларидан иборат. Эшитиш а. марказий бўлимининг ривожланиши экологик омиллар ва Э. а. нинг ҳайвонлар хатти-ҳаракатидаги аҳамияти билан боғлиқ. Эшитиш нерви толалари чиғаноқдан нерв марказларидан бири – кохляр ядроларига боради; чап ва ўнг кохлярдан чиқадиган нерв толалари Э. а. нинг икки ёни бўйлаб симметрик жойлашган бўлиб, юқори оливага келиб туташади. Товуш тебранишларини аниқлашда чиғаноқ тўсиғи асосий аҳамиятга эга. Бу тўсиқ товушни механик спектрал анализ қиладиган, чиғаноқ тўсиғи бўйлаб қатор жойлашган фильтрлаш-эштиш рецепторларидан иборат. Рецепторлар 0,1 дан 10 нм диапазондаги тебранишларни қабул қилади. Эшитиш а. марказий бўлимида жойлашган нейронлар муайян товуш тебранишларига сезгир. Эшитиш а. нинг нерв элементлари товуш тебранишлари билан бирга товуш кучи, давомийлиги ва бошқа(лар) хусусиятларига ҳам таъсирчан. Марказий нерв тизими ва, айниқса, унинг юқори қисми нейронлари товушнинг мураккаб белгилари (масалан, товуш амплитуда модуляцияси частотаси, йўналиши ва ҳаракатига сезгир бўлади.
[addtoany]