Ҳужайра назарияси

Ҳужайра назарияси – барча организмларнинг тузилиши, ривожланиши ва келиб чиқишидаги умумийликни кўрсатувчи йирик биологик назариялардан бири. Ҳужайра назариясига биноан ҳужайра бактериялар, замбуруғлар, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг энг кичик тузилиш бирлиги. Ҳужайра назарияси тириклик оламининг бирлиги ва унинг тарихий ривожланиши ҳақидаги эволюцион тасаввурни тасдиқлайди. Ҳ. н. Ч. Дарвиннинг эволюцион таълимоти ва энергиянинг ўзгариши қонуни билан бир қаторда 19-а. да табиатшунослик соҳасида қилинган 3 буюк кашфиётдан биридир.

Ҳужайраларнинг кашф этилиши ва ҳужайра назариясининг яратилиши тарихан бир даврга тўғри келмайди. Ўсимлик ҳужайраси тузилишини дастлаб тирик ўсимлик пояси ва пўкаклардан тайёрланган кесмада инглиз олими Р. Гук ўзи ясаган микроскоп орқали кузатган ва тадқиқот хулосаларини «Микрография» номли асарида баён этган (1665). Инглиз ботниги Н. Грю ҳужайра қобиғи худди мато (газламага) ўхшаш толалардан ташкил топганлигини тахмин қилган.

18- а. фалсафий ғоялар таъсирида фанда тирик табиатнинг бирлиги ҳақидаги фикрлар пайдо бўла бошлади. К. Вольф ўсимлик ва ҳайвонларнинг тузилишидаги қандайдир умумийликни аниқлашга ҳаракат қилди. Унинг «ҳужайра», «доначалар» ва «пуфакчалар» каби тушунчалари, шунингдек, немис олими Л. Океннинг организмлар «пуфакчалар» ёки «ифузориялар» дан ташкил топган деган фикрлари фанда ҳужайра назарияси тўғрисидаги дастлабки тушунчалар бўлган.

19- а. бошларида ўсимликларни микроскоп ёрдамида ўрганиш борасида эришилган ютуқлар туфайли ҳужайра – ўсимлик моддалари умумий массасининг бўшлик қисми эмас, балки ўз кобиғига эга бўлган ва бир-биридан ажралиб турадиган структуравий тузилма эканлиги аниқланди. 19-а. нинг 30-й. лари охирида ўсимликларнинг деярли барча аъзолари ҳужайравий тузилишга эга эканлиги аниқланди ва немис олими Ф. Мейеннинг «Ботаника» (1830) китобида ҳужайра ўсимлик тўқималарининг умумий тузилиш бирлиги сифатида эътироф этилди. Лекин шундан кейин ҳам ҳужайра бу бир бўшлик, асосий қисмини қобиқ ташкил қилади; унинг ичидаги нарсалар эса иккинчи даражали аҳамиятга эга эканлиги тўғрисидаги тушунча узоқ вақт сақланиб қолди. Ўсимлик ҳужайраси ядроси инглиз олими Р. Браун томонидан кашф этилган (1831), аммо немис олими М. Шлейден ядрони ҳужайрани ҳосил қилувчи, яъни цитобласт деб ҳисоблаган. Шлейден табирича донадор субстанциядан ядроча ҳосил бўлиб, унинг атрофида эса ҳужайра вужудга келади; кейинчалик ҳужайранинг ҳосил бўлиши жараёнида ядро йўқ бўлиб кетади. 19-а. нинг 2-чораги бошларида чех олими Я. Пукине мактабининг тадқиқотлари ҳайвон организми тўқималарининг микроскопик тузилиши бўйича жуда кўп маълумотлар берди. Лекин Я. Пуркине ўзининг «доначалар назариясида «доначалар» (у ҳужайрани шундай деб атаган эди), ядро ва бошқа(лар) қисмлардан ташкил топганлигини ёзади. Ҳужайра назариясини расмийлаштиришда Т. Шванн (1839) хизматлари жуда катта. У ўзи олган маълумотлар, Шлейден ва Я. Пуркине мактаби ва бошқа(лар) олимларнинг тадкиколарига асосланиб, ҳужайра назариясини яратди; ўсимлик ва ҳайвон тўқималари тузилишини таққослаб улар учун умумий ҳисобланган ҳужайравий тузилиш тамойилларини кўрсатиб берди. Аммо Шванн ҳам худди Шлейден сингари ҳужайранинг асосий қисми унинг пўсти ва ҳужайра структурасиз ширадан ҳосил бўлади, деб ҳисоблаган. Ҳужайра назариясининг бундан кейинги ривожланиши протоплазма ва ҳужайра бўлинишининг кашф этилиши билан боғлиқ. Немис олими Р. Вирхов (1958) «Ҳужайра патологияси» асарида ҳужайра назариясини патологик ҳодисаларга татбиқ этиб, ядро ҳужайрада етакчи аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратди ва ҳужайранинг бўлиниш йўли билан кўпайиш тамойилини (ҳар бир ҳужайра ҳужайрадан ҳосил бўлади) асослаб берди. 19-а. нинг 70-80-й. ларида барча ҳужайравий тузилишга эга бўлган организмлар учун универсал ҳисобланган ҳужайранинг бўлиниш усули, яъни митоз, аср охирида эса ҳужайра органоидлари кашф этилади; ҳужайра протоплазманинг оддий йиғиндиси эмаслиги тан олинади.

Ҳужайравий тузилиш ҳақидаги тушунчалар ривожланишининг дастлабки даврлариднок ҳужайра билан организмнинг бир бутунлиги ҳақидаги муаммо пайдо бўлган. Бу муаммонинг ечими 2 йўналишда ривожланди. Механистик тушунчаларга кўра индивиднинг ҳаёт фаолияти ўз вазифасини бажарувчи ҳужайралар йиғиндисидан иборат. Виталистик концепция нуқтаи назаридан эса организмнинг мақсадга мувофиқ яшаши сифат жиҳатидан ўзгача («яхлитлик қисмларнинг йиғиндисига тенг эмас») ва «ҳаётий куч» га боғлик деб тушунтирилган.

Ҳужайранинг митотик бўлинишини, ҳужайра органоидларининг кашф этилиши, кейинчалик эса биокимё ва молекуляр биологиянинг ривожланиши туфайли ҳужайранинг тузилиши ва вазифаси тирик табиат иерархиясида ҳужайравий поғонанинг мавжудлиги ҳақидаги тушунчаларнинг шаклланишига олиб келди. Замонавий ҳужайра назарияси кўп ҳужайрали организмлани муайян вазифани бажарадиган ва бир-бирига таъсир кўрсатиб турадиган ҳужайралардан ташкил топган мураккаб, интеграциялашган тизим сифатида эътироф этади.

Организм қанча мураккаб тузилган бўлса, унинг бир бутунлиги шунча аниқ намоён бўлади. Ҳужайранинг асосий структуравий элементлари шаклланган ядрога эга бўлган эукриот организмлар ҳамда ядросиз прокариотлар учун ҳам тегишли. Мустақил ҳаёт кечиришга мослашмаган ҳужайра паразитлари ҳисобланган вирусларнинг мавжудлиги тирик организмларнинг ҳужайравий тузилиши универсал эканлигини кўрсатади. Тирик организмлар ҳужайравий тузилишининг муштараклиги ҳужайраларнинг кимёвий таркиби ва метаболитик жараёнларнинг ўхшашлиги билан ҳам тасдиқланади. Нуклеин кислоталар ва оқсиллар каби муҳим ҳаётий компонентлар, уларнинг ҳосил бўлиши ва алмашиниб туриши барча тирик организмлар ҳужайралари учун универсал характерга эга.

Кейинги 150 й. дан ортиқроқ давр мобайнида ҳужайрани ўрганиш янада чукурлашиб борди. Ҳужайрадаги барча асосий органоиларнинг маълум вазифани бажаришга мослаганлиги аниқланди; электрон микроскоп ёрдамида ҳужайранинг янада нозикроқ бўлган ультраструктуралари ўрганилди; уларнинг молекуляр тузилиши очиб берилди.

[addtoany]