Ҳужайра

Ҳужайра [лот. cellula, cytus – катакча] – барча тирик организмларнинг тузилиши ва функционал бирлиги, элементар тирик тизим. Алоҳида организм сифатида ҳаёт кечириши (бактериялар, энг содда ҳайвонлар, айрим сувўтлар ва замбуруғлар) ёки кўп ҳужайрали организмлар тўқималари таркибига кириши мумкин. Генетик аппарат эукариотларда цтоплазмадан мембрана билан ажралган ядрода; прокариотларда эса нуклеоидда жойлашади. Жинсий ҳужайра мейоз натижасида ҳосил бўлади.

Ҳужайра ўлчами 0,1-0,25 мкм дан (айрим бактериялар) 155 мм гала (туяқуш тухуми). Ҳужайранинг хилма-хил вазифасини ихтисослашган ички структуралар – органоидлар бажаради. Ҳужайранинг универсал органоидлари: ядрода – хромосомалар, цитоплазмада – рибосомалар, митохондриялар, эндоплазматик тўр, Гольжи комплекси, лизосомалар. Айрим манбаларда ҳужайра мембранаси ҳам органоидлар қаторига киритилади. Кўпчилик ҳужайрада бўладиган мембрана структуралари – микронайчалар, микрофириллалар ҳужайра шаклининг; ҳужайра киритмалари ҳужайра таркибининг доимийлигини таъминлаш вазифасини бажаради.

Ҳужайра ичида ва организмнинг ички суюқ муҳитида бўладиган оқсиллар, жумладан, ферментлар ҳам ҳужайрада синтезланади. Ҳужайранинг ҳар қайси органоиди фақат унга хос вазифани бажаради. Масалан, эукариотларда ҳужайранинг нафас олиши фақат митохондриялар мембраналрида, оксид синтези – рибосомаларда кечади. Ферментларнинг концентрацияланиши ва уларнинг ҳужайра структурасида муайян тартибда жойлашуви кимёвий реакцияларни тезлаштириб, кетма-кет бориши (конвейер принципи) ни таъминлайди. Ҳужайрага хос микрогетерогенлик хусусияти бир хилдаги компонентдан бир вақтнинг ўзида ҳар хил моддаларни жуда оз миқдор (микроҳажм)да синтезлаш имконини беради. Ихчамлик принципи, айниқса, ДНК структураси учун хос. Масалан, одам тухум ҳужайрасининг б-КГ12 г келадиган ДНК си организм учун хос бўлган барча омилларни кодлайди. Ҳужайра ичида ионларнинг муайян концентрацияси сақланади. Ҳужайра муҳитдан йирик молекулалар, жумладан, оқсиллар, ҳатто вирусларни пиноцитоз, айрим майда ҳужайралар ва улар фрагментларини фагоцитоз орқали ютиш хусусиятига эга.

Барча эукариотлар ҳужайраси бир хилдаги органоидлар ва метаболизмни бошқариш механизмларига эга. Улар прокариотлар сингари метаболизмни бошқариш, энергияни жамғариш ва сақлаш, оқсил синтезида генетик кодан фойдаланиш хусусиятига эга. Барча ҳужайра мембранасининг вазифаси ҳам ўхшаш. Ҳужайра тузилиши ва вазифасининг ўхшашлиги улар келиб чиқишидаги умумийликдан далолат беради. Бироқ организмдаги Ҳ. ўлчами ва шакли, у ёки бу органоидлари сони, ферментлар мажмуи билан бир-биридан фарқ қилади. Бу фарқ организмдаги Ҳ. нинг ўзаро кооперацияси ва уларнинг функционал ихтисослашуви билан боғлик. Бир ҳужайралилар Ҳ. сининг тузилиши ва вазифаси ўртасидаги тафовутни кўп жиҳатдан уларнинг яшаш муҳитига мосланиши билан тушунтирилади. Генетик аппарат тузилишидаги ўхшашлик прокариот ва эукариотлар келиб чиқишидаги умумийликни тушунтириш учун далил бўлади. Аммо бир ҳужайралиларнинг аждоди ҳар хил прокариотлар бўлиши ҳам мумкин. Симбиогнез назариясига биноан бир хил прокариотлар хўжайин Ҳ. митохондрияларига, бошқалари – хлоропластларга айланган ва органоид тарзида ўз-ўзидан кўпая бошлаган. Бошқа назарияга биноан эса прокариот Ҳ. нинг структуралари аста-секин ривожланиб, эукариотга айланган.

Бир организмнинг барча Ҳ. лари геноми потенциал ахборот ҳажми жиҳатдан уруғлаган тухум ҳужайра геномидан фарқ қилмайди. Ихтисослашган Ҳ. ядросини ядроси олиб ташланган Ҳ. га кўчириб ўтказилганда нормал организм ривожланиши буни исботлайди. Кўп ҳужайрали организмда Ҳ. хоссалари ўртасидаги фарқ генлар фаоллигининг бир хил бўлмаслиги туфайли келиб чиқади. Ҳужайранинг ҳар хил ихтисослашуви натижасида бир хил Ҳ. лар (нерв) қўзғалувчанлик; бошқалари (мушак) мофибриллалар ҳосил қилувчи оқсилларга эга бўлиши туфайли қисқариш, учинчи хиллари (безли Ҳ.) ҳазм қилиш ферментлари ва гармонларни синтезлаш хусусиятига эга бўлади. Кўпчилик Ҳ. кўп вазифани, масалан, жигар Ҳ. си қон плазмаси ва ўт суюқлиги омилларини синтезланиб гликоген тўплайди ва уни глюкозага айлантиради; ёт моддалар (жумладан, дорилар) ни парчалайди. Барча Ҳ. да умумий вазифага эга бўлган генлар фаол бўлади. Шундай қилиб, ҳар хил Ҳ. лар ўртасидаги ўхшашлик белгилари уларни бир-биридан фарқ қилувчи белгиларга нисбатан кўпроқ бўлиб, келиб чиқиши ва вазифасига кўра ўхшаш Ҳ. тўқималарни ҳосил қилади (қ. Тўқима).

Метаболитлар ва ионлар – Ҳ. даги жараёнларни бошқарувчи омиллар. Улар генларга таъсир этиш орқали ферментлар синтезини ёки бевосита ферментларнинг ўзига таъсир кўрсатиб, улар фаоллигини ўзгартириши мумкин. Бундай ўз-ўзини бошқариш механизмлари туфайли Ҳ. да ҳаёт учун муҳим бўлган кўп жараёнлар оптимал (энг қулай) ҳолда сақланиб туради.

Ҳужайра ларнинг ўзаро таъсири, нерв ва гармонларнинг Ҳ. фаоллигини ўзгаришига олиб келадиган хусусиятлари ташқаридан бошқарадиган омилларга киради. Бундай омиллар Ҳ. нинг ўзига хос хусусиятларини сақлаб туриш учун зарур. Ҳужайра культурасига хос сунъий шароитда Ҳ. нинг ўзига хос кўпгина хусусиятлари йўқолади.

Эукариот Ҳ. митоз орқали ўз-ўзидан кўпаяди. Одам организмидаги Ҳ. сони 1014. Айрим тўқималарда Ҳ. сони ҳаёт давомида доимий бўлиб қолади; фақат кам ихтисослашган Ҳ. бўлинади. Масалан, одам организмида сутка давомида 70 млрд. га яқин ичак эпителийси Ҳ. си, 2 млрд. эритроцит нобуд бўлиб туради. Бир қанча тўқималарда Ҳ. тўлиқ ихтисослашган ҳолда Ҳ. циклига киради. Бундай ҳолларда митоз Ҳ. бўлинмасдан хромосомаларнинг 2 ҳисса ортиши билан тугайди (қ. Полиплоидия) ёки митоз бошланмасдан хроматидлар сони 2 ҳисса ошади. Айрим ихтисослашган Ҳ. ядроси умуман Ҳ. циклига киришмайди (масалан, нейронлар, скелет мушаклари толаси). Бундай ҳолларда Ҳ. ҳаёти организм умрининг узоқлигига тенг бўлади. Одам Ҳ. си ўртача 1-2 кун (ичак эпителийси) яшайди. Барча Ҳ. ларда моддалар ва структура элементлари фаол янгиланиб туради. Тўқималарни ҳосил қилувчи беқиёс кўп сонли Ҳ. лардаги метаболитик ва бошқарув жараёнларининг ўзаро боғланганлиги, улар таркибининг доимо янгиланиб туриши кўп ҳужайрали организм аъзоларининг нуқсонсиз ишлаб туришини таъминлайди. Ҳужайрани ситология фани ўрганади. Яна қ. Ҳужайра назарияси, Ҳужайра цикли.

[addtoany]