Ҳужайра цикли, ҳужайранинг ҳаётий цикли – ҳужайранинг бўлинишидан сўнг яна бўлингунча ёки ўлгунча ўтган ҳаёт даври. Бир ҳужайралилар ҳужайра цикли уларнинг ҳаёт даврига тўғри келади. Тўхтовсиз бўлинадиган ҳужайралар ҳужайра цикли митоз циклига тўғри келиб, кетма-кет алмашиниб турадиган 4 давр: посмитоз ёки синтездан олдинги (G, инглизча grow – ўсиш, йириклашиш), синтез (S, инглизча synthesis – синтез), митоздан олдинги ёки синтездан кейинги (G2) ва митоз (М)дан иборат. G, даврда транскрипция содир бўлади; синтезланган оқсиллар тўпланади; ДНК синтезига тайёргарлик кўрилади. S даврда ДНК репликацияланади, хромосомалар материали 2 ҳисса ортади. G2 даврда ҳужайралар бўлинишга тайёрланади; бўлиниш дукини ҳосил қиладиган оқсиллар синтезланади. Митоз – ҳужайра циклининг якуний даври бўлиб, унда редупликацяланган хромосомалар ҳужайранинг ҳар хил қутбларига тарқалади.
Ҳужайра цикли ва унинг даврларининг давомийлиги кўпаядиган ҳужайраларнинг хили, ёши, организмдаги гормонлар балансига боғлиқ. Вақтга нисбатан G, ва G2 даврлари ўзгарувчан бўлади; тиним даврлари бўлган ҳужайра цикли, айниқса, узоқ давом этади. Бундай ҳолларда G0 ёки тиним даври (инглизча gap – оралиқ, интервал) алоҳида ажратилади. Агар тиним даври ҳисобга олинадиган бўлса, у ҳолда Ҳ. ц. ҳафталаб, ҳатто ойлаб давом этиши мумкин (масалан, жигар ҳужайралари). Нейронларда Ҳ. ц. организм умрига тенг бўлади.
[addtoany]