Ҳуснбузар

Ҳуснбузар – ёғ безлари фаолиятининг бузилиши натижасида терига турли хил тошмлар тошиши. Бир неча хил ҳуснбузар бор. Оддий ҳуснбузар (йигит гули), кўпинча, йигит-қизлар балоғатга етиш даврида юз, кўкрак ва энса терисида пайдо бўлади. Бу даврда ёғ безлари зўр бериб ишлайди. Юз, кўкрак ва елкаларда ёғли себрея аломатлари кузатилиб, тери ялтираб туради, ундаги майда тешиклар кенгайиб, кўзга ташланадиган бўлиб қолади, баъзи ерларда тери апельсин пўстига ўхшаб кўринади. Шу тшикларга ва соч халтачаларига ёғ йиғилиб қолиши натижасида қора нуқталар пайдо бўлади, улар ситилса, йиғилиб қолган ёғ чувалчангга ўхшаб буралиб чиқади. Агар шу ёғга йиринг пайдо қилувчи микроблар тушса, яллиғланиш жараёни ривожланади. Тери қизариб шишади ва сизлоғич пайдо бўлиб, катталашади, оғрийди, ўртасидан соч чиқиб туради, мадда бойлади, кейинчалик у ёрилиб, ичидан йиринг чиқади. Бора-бора ўрнида қорамтир доғ қолдириб, йўқолиб кетади.

Баъзан терининг чуқур қаватида ёғ йиғилиб, шиш пайдо бўлади ва йиринг бойлайди, кейинчалик пишиб ёрилади, охири чандиқ ҳосил қилиб, битиб кетади. Эркакларда, кўпинча, йиғилган ҳуснбузар учрайди ва узоқ вақт туради, яллиғланиш аломатлари унча кучли бўлмайди. У бир ерда битиб, бошқа ердан чиқаверади; 30-35 ёшда анча камаяди.

Ёғ безидан кўплаб ажралиб чиқаётган ёғ тери юзасига чиқиб кетолмай, безнинг бирон ерида йиғилиб қолади. Шу без яқинидаги тери мугуз қаватининг ҳужайралари ҳам қўшилиб, ёғ бези йўлини бутунлай беркитиб қўяди ва мошдек, баъзан эса ундан каттароқ оқ тугунча ҳосил қилади, бу оқ ҳуснбузар деб аталади.

Оқ ҳуснбузар, одатда, яллиғланмайди, кишига азоб бермайди, фақат юз ҳуснини бузади; у, кўпинча, пешанада учрайди. Нефть маҳсулотлари ва ёнилғилар билан ишловчи ишчилар тисагида, баъзан терининг бошқа очиқ жойида ёғ безларининг коваклари очиладиган тешиклага нефть, ёнилғи, кўмир чанглари йиғилиб, ёғ безлари йўлини бекитиб қўяди ва ҳуснбузар пайдо қилади. Бу касбга алоқадор ҳуснбузар дир.

Нерв тизими, ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши, сил, меъда-ичак касалликлари туфайли ҳам ҳуснбузар тошиши мумкин.

Одатда, ҳуснбузар қишда совукда кўп тошдан; бунга совукда ёғ котиб қолиб, ёғ безлари кавакларидан равон чиқиб кетолмаслиги сабаб бўлиши мумкин.

Баъзан ҳуснбузар тошишига қази, сур гўшт, тузланган балиқ, икра, шоколад ёйиш, шунингдек, қабзият сабаб бўлади. Ҳуснбузар тошишига мойил кишилар мумкин кадар шу таомлардан парҳез қилишлари зарур. Шифокор маслаҳати билан қуёш нурида тобланиш, денгизда чўмилиш, спорт билан шуғулланиш, очиқ ҳавода сайр қилиш, организмни чиниқтириш ҳуснбузар тошишининг олдини олади.

Терини тўғри парвариш қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яллиғланган тошмалардаги қора нукталарни ситиш ярамайди, акс ҳолда, дард кучайиб кетади. Шифокор рухсатисиз ҳар хил кремлар суртмаслик керак.

[addtoany]