Ич дам бўлиши, ичда ел тўпланиши, метеоризм – ичакда кўп ел тўпланиши натижасида қориннинг таранглашиши. Соғлом одамнинг меъдаси ва ичагида шу аъзолар фаолиятини бир меъёрда сақлаб туриш учун оз миқдорда газ бўлади. Ичакда бижғиш (ачиш) жараёни кучайганда, кўплаб сут, ширинлик, карбонсув истеъмол қилинганда ич дам бўлиши кузатилади. Ичакда газлар яхши юримаганда, ичак торайганда, айниқса, ичак туғилганда, қорин аъзоларида қон димланганда, сурункали гастрит, панкреатит, энтерит, шунингдек, юрак камчилигида ҳам ич дам бўлиши кузатилади. Бемор қорнида оғирлик, тисиллаш ва оғриқ сезади, ел чиққандан кейин бу оғриқ босилади. Ич дам бўлишининг олдини олиш учун ич нормал келиб туришини таъминлаш, кабонсувли овқатларни камроқ истеъмол қилиш зарур. Юрак-томир касалликлари, стенокардия билан оғриган кишилар ич дам бўлишига йўл қўймаслилари лозим, чунки ичакнинг газлардан чўзилиши юрак тож томирининг торайишига сабаб бўлиши мумкин.
Давоси: фаоллаштирилган кўмир (карболен) берилади, мойчечак (ромашка)дан клизма (ҳуқна) қилинади, парҳез буюрилади. Ич дам бўлишига сабаб бўлган асосий омил бартараф қилинади.