Иммунодепрессантлар

Иммунодепрессантлар [иммунитет ва лот. depressio – сусайтириш, босиш], иммунодепрессорлар, иммуносупрессорлар – кимёвий ва биологик фаол препаратларнинг катта бир гуруҳи. Дезоксирибонуклеин кислота (ДНК), рибонуклеин кислота (РНК) таъсирида оқсил синтези ва иммунодепрессантлар сусаяди. Иммунодепрессантлар антителолар ҳосил бўлишининг тўхташига олиб келади. Улар секин рўй берадиган аллергия, гранулмалар ҳосил бўлиши билан давом этадиган яллиғланиш, шунингдек, кўчириб ўтказилган аъзо (масалан, юрак ёки буйрак) ва тўқималарнинг кўчиб кетиш реакцияларини сусайтира олади. Иммунодепрессантларнинг бир хили пролиферация (ҳужайраларнинг кўпайиши билан тўқималарнинг ўсиши) га қарши таъсир этади. Бунга алкилловчи препаратлар (циклофосфан, хлорбутин, тиофофамид, проспадин ва бошқа(лар)), антиметаболитлар (6-меркаптопурин, азатиотрин, 5-фторурацил) ва бошқа(лар) ўсмага қарши антибиотиклар (масалан, актономицин D) ва батриден киради. Иккинчи хили лимфоид тизимнинг фаолиятини сусайтиради. Бунга антилимфоцитар зардоблар (ҳайвонларни бошқа турдаги ҳайвон ёки одам лимфоцитлари билан иммунлаб олинган зардоб) ва глобулин киради. Антилимфоцитар зардоблар ҳайвонларни аутоиммун касалликлардан сақлайди ва одамнинг шундай касалликларини бир кадар тузатади. Иммунодепрессантлар коллагенозлар, инфекцион (ревматоид) полиартрит, ревматизмнинг узлуксиз қайталанишлари, қизил югурик ва бошқа(лар) касалликларни даволашда, аъзоларни кўчириб ўтказишда ишлатилади.

Загрузка...