Инфантилизм

Инфантилизм [лот. infantilis – болаларча] – катталарда илк болалик даврига хос бўлган морфологик, физиологик ва руҳий ҳолатларнинг сақланиб қолиши билан ифодаланадиган клиник синдром. Инфантилизмнинг сабаблари, қайси аъзо ёки тизим етилмаганлиги, кўриниш аломатлари ва бошқа(лар)га кўра бир неча тури фарқ қилади. Инфантилизм туғма бўлиши ёки ўсиш давридаги ҳар хил касалликлар (сил, қизамиқ), турли заҳарланишлар, ички секреция безлари ва мия касалликлари, томирлардаги нуқсонлар сабабли келиб чиқиши мумкин. Инфантилизмнинг яққол белгиси – паканалик, одамнинг бўй-басти, кўпинча, болаларга хос бўлиб қолади. Иккиламчи жинсий белгилар, ташқи ва ички жинсий аъзолар ҳам тузук ривожланмай қолади. Болани ёшлигидан соғлом қилиб тарбиялаш, юқумли касалликлардан сақлаш, тўғри овқатлантириш, соф ҳаводан баҳраманд қилиш, бадан тарбия билан шуғуллантириш, ўсиши ва ривожланишига кўз-қулоқ бўлиб туриш инфантилизмнинг олдини олишга ёрдам беради.

[addtoany]