Инсулин

Инсулин [лот. insula – оролча] – ҳайвон ва одамнинг оқсил табиатли гормони. Меъда ости безининг Лангерганс оролчаларида ишлаб чиқарилади. Канадалик олимлардан Ф. Бантинг билан Ч. Бест биринчи бўлиб ажратиб олишган (1921-22). Мол. м. 6000. Инсулин молекуласи дисульфид боғлари билан бириккан иккита полипептид занжирдан тузилган бўлиб, 51 аминокислота қолдиғидан ташкил топган. Инсулинда аминокислоталар қолдиғининг кетма-кет жойлашувини инглиз биокимёгари Ф. Сангер аниқлади (1945-56). Бу эса ушбу моддани кимёвий йўл билан синтез қилишга имкон берди. Ушбу оқсил кимёвий ва ген инженерлиги йўли билан синтез қилинган. Инсулин аминокислоталар тартиби биринчи бўлиб аниқланган оқсил моддадир.

Инсулин гликогеннинг парчаланиши ва жигарда глюкоза синтезланишини тўхтатиб, қондаги қанд миқдорини камайтиради. Айни вақтда, ҳужайра мембраналарининг глюкоза ўтказувчанлигини оширади, натижада, тўқималарга глюкоза ўтишига имкон туғилади. Организмда инсулин етишмаслиги қандли диабетга сабаб бўлади. Уни даволашда қўлланиладиган И. препаратлари (сўйилган қорамолнинг меъда ости безидан тайёрланади): аморф рух-инсулин суспензиси, протамин-рух-инсулин эритмаси, протмин-инсулин суспензияси ва бошқа(лар) И. га қараганда анча узоқ таъсир этади. Дармонсизлик, иштаҳа йўқолиши ва бошқа баъзи касалликларда оз-оздан И. инъекция қилиш буюрилади. Интоксикацилар (масалан, ҳомиладорларнинг тинмай қусиши), шизофрения ва жигар касалликларини даволашда ҳам буюрилади. Инсулин овқат ейишдан 30-60 минут олдинроқ тери ости ёки мушак ичига юборилади. У оқсил бўлганидан ҳазм ширалари таъсирида емирилиб кетади, шунинг учун уни ичиш наф бермайди. 6-8 соатдан кейин такрор инъекция қилинади.

[addtoany]