Интерферон [лот. inter – ўзаро ва ferio – ураман, шикастлайман] – вируслар ёки синтетик полинуклеотидлар (қ. Нуклеотидлар), токсинлар, антиметаболитлар ва бошқа(лар) киришига жавобан ҳужайрада ҳосил бўладиган оқсиллар гуруҳининг умумий номи. Интерферон ўткир вирусли инфекциядан организмнинг асосий ҳимоя воситаси ҳисобланади.
Сувда эрийдиган омилларга мансуб, мол. м. 30 000-160 000. Ретикуло-эндотелиал тизим ҳужайраларида ва лимфоцитлардз. ҳосил бўлади. Интерферон вирусга бевосита таъсир қилмайди, балки ҳужайрада вирусларнинг нуклеин кислоталари синтезини тормозловчи антивирус оқсиллар ҳосил бўлишига олиб келади. Бу модда юқори молекуляр фаолликка эга. Унинг бир неча молекуласи ҳужайрани ҳимоя қилиш учун етарли бўлади, бироқ инфекция билан зарарланган ҳужайрага таъсир кўрсатмайди. Ушбу оқсил ҳайвон турига ихтисослашган, яъни қайси ҳайвонда синтезланган бўлса, ўша ҳайвон ҳужайрасига таъсир кўрсатади, бироқ ҳар қандай вирусга қарши фаол бўлади. Интерферон ёки унинг ҳужайрада ҳосил бўлишини тезлаштирувчи моддани организмга киритиш орқали вирусли инфекциянинг олдини олиш ёки уни даволаш мумкин.
[addtoany]