Интерсексуаллик

Интерсексуаллик [лот. inter – оралиқ ва sekus – жинс] – айрим жинсли организмда икки хил жинсга хос белгилар бўлиши. Бу белгилар тўлиқ ривожланмаган, яъни оралиқ ҳолатда бўлиб (Гермафродитизм билан солиштиринг), тананинг маълум бир қисмида биргаликда намоён бўлади. Одатда, бундай организм (интерсекс)нинг индивидуал ривожланиши меъёрда бошланади, аммо маълум даврдан бошлаб бошқа Жинсга хос тарзда давом этади. Организм ривожланишида патология қанча эрта бошланса, интерсексуаллик шунча кескин намоён бўлади. Зиготалик, яъни генетик асосга эга бўлган интерсексуаллик кариотип ёки зигота генетик таркибининг меъёрдан четга чиқиши туфайли пайдо бўлади. Бундай ҳолда организмнинг интерсексуаллик даражаси хромосом ёки ген баланси, яъни жинсий хромосомалар сонининг автосомалар сонига нисбати ҳамда улардаги жинсий белгиловчи генларга боғлик бўлади. Одамда аниқланган интерсексуалликнинг ҳар хил шакли, яъни псевдогермафродитизм жинсий хромосомалар сонининг ўзгариши билан боғлик бўлиши мумкин.

Гормонал интерсексуаллик айрим жинсли ҳайвонларда эндокрин тизими, хусусан, умуртқалиларда буйрак усти бези пўстлоқ қисми ҳамда гипофизнинг олдинги бўлагидаги функционал ёки органик ўзгаришлар туфайли пайдо бўлади. Гормонал интерсексуалликни ҳайвонларни кастрация қилиш (бичиш) ёки унга бошқа жинснинг безини кўчириб ўтказиш орқали пайдо қилиш мумкин. Бундай ҳолларда урғочи ҳайвонларда эркак жинс учун хос бўлган иккиламчи жинсий белгилар пайдо бўлади (маскулинизация), эркак ҳайвонларда эса, аксинча, урғочи ҳайвон учун хос белгилар ривожлана бошлайди (феминизция).

[addtoany]