Иштаҳа – организмнинг овқатга бўлган ёқимли эҳтиёж сезгиси, шунингдек, унга кирадиган озиқ моддалар миқдорини белгилайдиган физиологик механизм. Иштаҳа пайдо бўлиши бош миянинг овқат маркази фаолияти билан узвий боғлиқ. Иштаҳанинг очилишида шартсиз (масалан, овқатнинг ҳидини ва мазасини сезиш) ва шартли рефлекслар муҳим роль ўйнайди. Иштаҳа марказий нерв тизими маълум бўлимларининг қўзғалиши натижасида юзага келади ва бунда сўлак, ҳазм шираси ажралади, меъда-ичак йўли перистальтикаси (ҳаракати) кучаяди, натижада ҳазм аъзолари овқат қабул қилишга тайёр туради. Мазали қилиб пиширилган таом, унинг чиройли кўриниши ва хушбўйлиги, дастурхони безаб тортилиши И. ни очади. Аксинча, таомнинг кўриниши ёки ҳиди хунукроқ бўлса, у бўғилади.
Овқатни ҳар доим муайян соатларда истеъмол қилиш, унинг сифати ва миқдори И. нормал бўлиши учун аҳамиятли. Овқатланиш тартибининг бузилиши И. айнишига олиб келади ва у турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Иштаҳанинг 3 хил ўзгариши: сусайиши, ҳатто йўқолиши (анорексия), кучайиши (блимия) ва бузилиши (парорексия) кузатилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шифокорга мурожаат этиш ва унинг тавсияларига амал қилиш керак.
[addtoany]