Жигар циррози

Жигар циррози – жигарнинг сурункали ривожланиб борадиган касаллиги; бунда жигар тўқимаси яллиғланиб, унинг бир қисми бириктирувчи тўқима билан алмашинади. Жигарнинг ўткир яллиғланиши – гепатитда, унинг В, С, D шаклларида, ўткир гепатит сурункали гепатига айланаётганда, безгак, сил, захм, бруцеллёз каби юқумли касалликларда, ўт пуфаги ва ўт йўлларининг сурункали яллиғланишида, турли кимёвий моддалардан мунтазам заҳарланишда, шунингдек, алкоголизмда ва бошқа(лар) сабабларга кўра пайдо бўлади. Жигар циррози – секин ривожланадиган сурункали касаллик. Жигар циррози турлича намоён бўлади ва у хасталикнинг қайси шаклида кечиши ҳамда даврига боғлиқ; текширганда жигарнинг қаттиклашгани ва фаолиятининг бузиганлигига қарамай, киши узоқ вақт ҳеч қандай хасталик аломатини сезмай юриши мумкин. Касаллик зўрайганда бемор дармонсизланди, озиб кетади, иштаҳадан қолади, кекиради, кўнгли айнийди, баъзан қусади, ичи кетади ёки қотади, корни дам бўлади, ҳарорати кўтарилади, қорин бўшлиғида суюқлик тўпланиши натижасида у кўтарилади (истисқо), бурни қонайди, бадани қичишади, баъзан сарғаяди; камқонлик авжига чиқади; жигари ва, айниқса, талоғи катталашади ва катталашади.

Давони шифокор тайинлайди. Жигар циррози узоқ вақт даволанади, касаллик зўрайганда беморни дарҳол касалхонага ётқизиш керак. Парҳезга қатъий риоя қилишнинг аҳамияти катта. Беморга асосан енгил ҳазм бўладиган, қанд, оқсил ва витаминлар (айниқса, С витамин ва В группа)га бой сутли ва ўсимлик овқатлар берилади. Творог (осон ҳазм бўладиган оксилларга эга), ёғсиз гўшт, балиқ, шунингдек, озгина сариёғ билан қаймоқ ёки сметана истеъмол қилиш мумкин; спиртли ичимликлар ичиш қатъий тақиқланади. Касалликнинг авж олишига йўл қўймайдиган дорилар буюрилади. Уни даволашда, аввало, унга сабаб бўладиган омилларни бартараф этиш муҳим. Жигар циррозига олиб келган инфекция аниқланса, уни тугатиш чоралари кўрилади. Касалликнинг олдини олиш учун меҳнат ва турмуш шароитини соғломлаштириш, алкголизмга қарши кураш олиб бориш керак.

[addtoany]