Жинсий гормонлар – одам ва умуртқали ҳайвонлар жинсий безларида ишланадиган биологик фаол моддалар. Бирламчи жинсий белгилар (гонадалардан ташқари) ва иккиламчи жинсий белгилар намоён бўлишини таъминлайди. Жинсий гормонлар кимёвий тузилишига кўра, стероидлар ва полипептидларга ажратилади. Стероид гормонлар андрогенлар, эстрогенлар ва прогестинлар (гестагенлар)га бўлинади.
Эркаклар жинсий гормонлари – андрогенлар уруғдоннинг маълум ҳужайраларида синтезланади; молекуласи 19 карбон атомидан иборат. Энг асосийси – тестостерон. Аёллар жинсий гормонлари – эстрадиол, эстрон тухумдон фолликулаларида ишлаб чиқарилади, улар 18 карбон атомидан тузилган; прогестинлар тухумдоннинг сариқ танасида ва бошқа(лар) структур элементларда синтезланади. Молекуласи 21 карбон атомидан ташкил топган. Энг асосийси – прогестерон. Жинсий гормонлар буйракнинг мағиз қаватида, ҳомиладорликда эса плацентада хам ишланади. Жинсий гормонлар организмнинг эркаклик ёки урғочилик характерини белгилайди. Организм балоғатга етиши даврида жинсий гормонлар жинсий ҳисни шакллантириш ҳамда марказий нерв тизимини фаоллаштириш вазифасини бажаради. Эстрген ва гестаген гормонларнинг ўзаро таъсири туфайли оталанган уруғ ҳужайра бачадонга ўрнашиб (қ. Имплантация), ҳомиладорлик ва туғруқнинг маромида кечишини таъминлайди. Бевосита тухумдонда сариқ танада, шунингдек, бачадон ва бошқа(лар) аъзоларда ҳосил бўладиган оқсил табиатли жинсий гормонлардан релаксин (ҳомиладорликни сақлайди, бачадон тонусини сусайтиради ҳамда чаноқ суяги бўғимлари бойлмини бўшаштиради); уруғдон, уруғ найчалари ва тухумдон фолликулаларида етиладиган ингибин (гипофизда фолликулни стимулловчи гормон ажралишини бошқаради) муҳим аҳамиятга эга. Жинсий гормонлар тиббиётда эндокрин, акушер-гнекологик касалликларни даволаш ҳамда кўкрак бези, простата безида хавфли ўсмалар ҳосил бўлиши жараёнининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.
[addtoany]