Жинсий хромосомалар

Жинсий хромосомалар – айрим жинсли организмларда ҳар хил жинсларга кирувчи шахсларнинг кариотипларидаги фарқларни белгиловчи хромосомалар. X (икс) билан белгиланган иккита бир хил жинсий хромосомаларга эга бўлган организмлар гомогаметали жинс деб аталади. Одам, сут эмизувчилар, бир қанча ҳашаротлар, масалан, дрозофилада урғочиси гомогаметали, яъни XX хромосомали, эркаклари гетерогаметали ҳисобланади. Гетерогаметали жинс хромосомалари XY (XY тили) ёки ягона X хромосомалига (ХО тили) эга бўлади. Мйозда гомогаметали жинс фақат бир хил, яъни X хромосомали гаметаларни, гетерогаметали жинс тенг миқдорда X ва Y хромосомали гаметаларни ҳосил қилади (XY тилида). ХО тилида ҳужайраларнинг тенг ярми хромосомали, қолган ярми жинсий хромосомага эга бўлмайди. Тухум ҳужайра X хромосомали уруғ ҳужайра билан уруғланганида зигота XX хромосомали бўлиб, ундан урғочи организм, Y хромосомали уруғ билан уруғланганида эса зигота XY хромосомали бўлиб, ундан эркак организм ривожланади. Қандала ва чигирткаларнинг урғочиси гомогаметали (XX), эркаклари, аксарият ҳолларда, гетерогаметали (ХО) бўлади. Қушлар, капалаклар, айрим судралиб юрувчилар, сувда ва қуруқликда яшовчиларнинг ургочилари гетерогаметали (XY), эркаклари гомогаметали (ХХ)дир. Бундай ҳолларда тухум ҳужайралар X ёки Y хромосомага, уруғ ҳужайралари эса фақат бир хилдаги X хромосомага эга бўлади (яна қ. Жинс).

[addtoany]