Жинс

Жинс (биологияда) – жинсий кўпайишни таъминлайдиган ҳамда эркак ва урғочи оргнизмларни фарқ қилишга имкон берадиган белгилар мажмуи. Ҳайвонларда жинс белгилари организмнинг морфологик, физиологик, биокимёвий хусусиятлари, мураккаб хатти-ҳракатлари ва бошқа(лар) орқали намоён бўлади. Жинс белгилари бирламчи ва иккиламчи бўлади. Бирламчи жинсий белгилар (жинсий безлар, жинсий йўллар ва бошқа(лар)) гаметалар ҳосил бўлиши ва уруғланишни таъминлайди. Иккиламчи жинсий белгилар (тана ўлчами ва тузилиши, боши, пат ёки жун ранги, таркиби ва бошқа(лар)) жинсий кўпайишда муайян аҳамиятга эга. Эркаклик жинсий безлари (уруғдонлар) сперматозоидлар, урғочилик жинсий безлари (тхумдонлар) тухум ҳужайралари ишлаб чиқаради. Сперматозоиднинг тухум ҳужайра билан қўшилиши туфайли зигота ҳосил бўлади. Зготадан янги организм ривожланади. Жинсий безлар ишлаб чиқарадиган жинсий гормонлар организмнинг ривожланиши, иккиламчи жинсий белгиларнинг шаклланиши ва физиологик жараёнларнинг бошқарилишида муҳим аҳамиятга эга. Айрим жинсли организмларда урғочилик (тухум) ва эркаклик (уруғ) гаметалари урғочи ва эркак организмларда ҳосил бўлади. Гермафродит организмларда (қ. Гермафродитизм) урғочилик ва эркаклик жинсий безлари битта организмнинг ўзида ривожланади. Гулли ўсимликлар гулининг тузилишига кўра бир жинс ли ва икки жинс ли бўлади. Бир жинс ли гуллар битта ўсимликнинг ўзида ёки бошқа-бошқа ўсимликларда жойлашган бўлиши мумкин. Баъзан битта ўсимликнинг ўзи бир жинсли ва икки жинсли гулларга эга бўлади. Жинс жинсий хромосомалар назорати остида ривожланади. Сут эмизувчилар урғочиси ҳужайраларида иккита жинсий (XX) хромосомалар, эркаги ҳужайраларида биттадан X ва Y хромосомалар бўлади. Жинсий кўпайишда урғочи организм фақат бир хил, яъни X хромосомага эга бўлган гамета (тухум ҳужайралар, эркак организм эса икки хил, яъни X ва Y хромосомаларга эга бўлган гамета (уруғ ҳужайралар ҳосил қилади. Уруғланиш жараёнида X ва Y хромосомага эга бўлган уруғ ҳужайраларнинг X хромосомали тухум ҳужайра билан қўшилиш имконияти тенг бўлади. Шу боис уруғланишдан сўнг XX ва XY хромосомали зиготалар, яъни урғочи ва эркак организмлар тенг нисбатда ҳосил бўлади. Ана шу жараён туфайли табиатда урғочи ва эркак организмларнинг ўзаро тенг нисбати сақланиб қолади.

[addtoany]