Касалхона

Касалхона – беморларни ётқизиб даволадиган муассаса. Поликлиника билан бирлаштирилди касалхоналар беморларни поликлиникада ва уйда тиббий ёрдамнинг барча турлари билан дволайдиган даволаш-профилактика муассасаси ҳисобланади; поликлиника билан бирлаштиримаган касалхона фақат стационарда даволайди. Иш ҳажми ва маъмурий бўлинишига кўра, республика, вилоят (ўлка), шаҳар, туман ва участка касалхоналари фарқ қилинади. Кўп соҳали (турли хил ихтисосликлари бўйича бўлимлари бор) ва ихтисослашган (сил, юқумли, руҳий, отальмологик ва бошқа) шифохоналар бўлиб, булар мазкур касаллик бўйича малакали ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатади. 14 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган болалар касалхонаси ҳам кўп соҳали ва ихтисослашган турларга бўлинади. Тиббиёт ин-ти ёки илмий тадқиқот ин-тининг базаси ҳисобланган муассаса клиник касалхона деб аталади. Бундан ташқари, аҳолига касбига қараб хизмат қиладиган транспорт, сув хўжалиги ходимлари ва бошқа касалхоналар бўлади. Касалхонада беморни врач кўздан кечирадиган, ҳужжатлар расмийлаштириладиган қабулхона, зарур санитария-гигиена чоралари амалга ошириладиган хоналар, даволаш бўлимлари (жарроҳлик, терапия ва бошқа), даволаш-диагностика бўлимлари (рентгенология, физиотерапия), лабораториялар, дорихона, ошхона, маъмурий-хўжалик бўлимлари бўлади. Бирлашган касалхонага, бундан ташқари, поликлиника ҳам киради. Бу муассасаларни бош врач бошқаради, беморлар даволанадиган ихтисослашган бўлимга эса шу ихтисослик бўйича малакали врач мудирлик қилади. Бирлашган касалхонанинг бўлим мудири поликлиникадаги тегишли бўлимга ҳам раҳбар бўлиши мумкин. Ходимлар сони даволаш муассасасидаги ўринлар сонига боғлик. Уларнинг тузилиши ва фаолияти, шунингдек, унда ишлайдиган тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқалар УзР Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тавсия этилган махсус давлат меъёрнормалари, йўриқнома ва кўрсатмаларига амал қилган ҳолда олиб борилади.

Ҳоз. Узбекистан ҳудудида қадимда ҳам касалхонага ўхшаш даволаш масканлари мавжуд бўлган. Амир Темур бошқа мамлакатларнинг машҳур табибларини пойтахт Самарқандга олиб келиб, махсус шифохоналар очган. Мавароуннаҳр ва Хуросонда шифохоналар учун алоҳида бинолар қурилган. Шифохоналар очишга Алишер Навоий ҳам катта аҳамият берган. Туркистоннинг баъзи вилоятларида махсус шифохоналар бўлганлиги манбаларда қайд этилган. Туркистон чор Россияси томонидан босиб олинганидан кейин ўлкада Ғарбга хос тиббий муассасалар вужудга келган. Бунга кадар маҳаллий аҳоли халқ табобати (табиблар, шикастбандлар)дан фойдаланган. Тошкентда биринчи даволаш муассасаси 1868 й. ҳарбий гарнизон қошида очилган лазарет бўлиб, у 1869 й. ҳарбий госпиталга айлантирилган. Кейинчалик Самарқандда (1872), Хивада (1872), Бухорода (1891) кичикроқ касалхоналар ишга туширилган. 1883 й. охирида Тошкентда аёллар ва болалар учун биринчи амбулатория-шифохона очилган. 1903 й. Янги шаҳар, 1913 й. Эски шаҳар (ҳоз. 1-шаҳар клиник касалхона си) иш бошлаган. 1916 й. темир йўл ходимлари учун махсус шифохона қурилган. 1918 й. собиқ кадетлар корпуси биносида шифохона (ҳоз. Тошкент тиббиёт академиясининг ўқув базаси), 1926 й. Тошсовет номли физиотерапия касалхонаси; Кўкча даҳасида эпидемиология (ҳоз. 1-Юқумли касалликлар касалхона си) ишга тушган.

Ҳоз. Ўзбекистон Республикасининг барча шаҳар ва вилоятларида йирик шифохоналар мавжуд. Тошкентда ЎзР Соғликни сақлаш вазирлигининг 1-клиник касалхонаси, 15-, 17-шаҳар клиник касалхоналари, тез тиббий ёрдам касалхонаси, шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси (ўқув базасига қарашли К. лар фаолият кўрсатади. Ҳоз. мамлакатимизда 1020 га яқин К. бор (2015).

[addtoany]