Соғлиқни сақлаш

Соғлиқни сақлаш – аҳоли соғлигини муҳофаза қилишга йўналтирилган ижтимоий, иқтисодий ва тиббий тадбирлар тизими. Соғлиқни сақлаш касалликларнинг олдини олиш ва даволаш, соғлом турмуш ва меҳнат шароитини яратиш, юқори меҳнат қобилиятини ва узоқ умр кўришни таъминлашга қаратилган умумий тадбирларни кўзда тутади; унинг асосий вазифаси беморларга замонавий, ихтисослашган ҳамда мос тарзда ёрдам кўрсатишдан иборат.

С. с. Шарқда, хусусан, Ўзбекистонда узоқ тарихга эга. Айниқса, ўрта асрда бу ҳудудда табобат илмида юқори босқичларга эришилди. Шу даврда юнон ва бошқа(лар) тиллардан қад. тиббий асарлар араб тилига таржима этилиб, улардаги тавсиялар амалиётда қўлланила бошлаган. Айни вақтда, Шарқ мутафаккирлари табобат илмидан жаҳоншумул асарлар яратганлар. Бу борада Абу Райҳон Берунийнинг «Тиббиётда доришунослик» («Китоб ассайдана фи-т-тиб»), Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» («Ап Қонун фи-т-тиб») асарлари машҳур бўлиб, жаҳон табобатида узоқ даврлар мобайнида асосий қўлланма бўлиб келган. Айниқса, Абу Али Ибн Сино даволашнинг янги усулларини қўллаб табиб (ҳаким) сифатида ўз даврида жуда машҳур бўлди. Кейинги даврларда ҳам табиблик Туркистонда соғликни сақлашнинг асосий шакли бўлиб келди. Табиблар мадрасларда таълим олишган ёки устоз-шогирдлик йўли билан турли касалликларга, синган-чиккалар, яра-чакаларга даво қилишни, хасталикланинг олдини олишни ўрганишган. Уларнинг кўплари нафақат беморларни даволаш, балки дори-дармонлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланганлар. Соҳибқирон Амир Темур бошқа маърифий ишлар қатори аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ишига ҳам алоҳида эътибор берган. Бошқа мамлакатлар машҳур табиблрини пойтахт Самарқандга олиб келиб, махсус шифохоналар очган.

Мовароуннаҳр ва Хуросонда 8-9-а. даёқ шифохоналар учун махсус бинолар кўрила бошлаган. Шифохоналар 15-а. да Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларда ҳам кўп бўлган. Бундай жамоат шифохоналари «Дор уш-шифо» («Даволаш уйи») номи билан юритилиб, уларда замонасининг билимдон табиблари беморларни даволашган. «Дор уш-шифо»даги махсус дорихоналарда доришунослар беморлар учун дори-дармонлар тайёрлаб беришган. Аксарият шифохоналарда табиблар беморларни даволашдан ташқари, табобат илми билан ҳам шуғулланган. Шифохоналар очишга Алишер Навоий ҳам катта аҳамият берган.

Манбалардан маълум бўлишича, кейинги йилларда ҳам Туркистоннинг баъзи вилоятларида махсус шифохоналар бўлган. Хусусан, машҳур адиб Восифий Зайниддин Маҳмуд (1485-1551) «Нодир воқеалар» («Бдоеъ ул-вақоеъ») асарида Тошкентнинг шаҳар қўрғонидан ташқаридаги Кайковус чорбоғи ҳақида қизиқарли воқеаларни баён қилиб, бу ерда хон ва султонлар учун шифохона бўлганлигини ёзган. У даврларда сув, ҳаво, осмон, ер тозалигига, яъни замонавий тушунча – эколгияга аҳамият берилган.

Туркистонни чор Россияси босиб олгандан кейин ўлкага Ғарбга хос тиббий муассасалар кириб келди. Подшо ҳукумати Туркистондаги ўз қўшинларининг манфаатини кўзлаб 1868 й. Тошкентда ҳарбийлар ва амалдорлар учун касалхона (лазарет) очди. Кейинчалик бошқа шаҳарларда ҳам катта-кичик касалхоналар, шифохоналар очила бошлади. 1872 й. Самарқандда, 1873 й. Хивада, 1891 й. Бухорода унчалик катта бўлмаган касалхоналар очилди. Лекин улар, асосан, давлат хизматчилари ва рус фуқароларига хизмат кўрсатган. Хусусан, аёлларга туғруқхона ёки касалхонада тиббий хизмат кўрсатиш иши узоқ вақтгача уюшмаган ҳолда қолиб кетаверган. Фақат 1880 й. Тошкентда хайрия йўли билан атиги 4 ўринли туғруқхона ташкил этилди, аёллар ва болаларга мўлжалланган амбулаториялар очилди. Меҳнатни мухофаза қилиш, соғлиқни сақлашга доир уюшган мунтазам тизим йўқлиги учун собиқ Туркистон тупроқда кўпгина юқумли касалликлар ҳаддан ташқари кўп учрар, баъзида эпидемияга айланиб, канчадан-канча кишиларнинг ёстиғини қуритар эди. Чунончи, 1872 й. даги вабо эпидемияси вақтида Туркистон ўлкасида 38 минг киши нобуд бўлди. 1892 й. дан 20-а. бошларигача б марта вабо эпидемияси бўлиб, ҳар сафар минглаб кишиларнинг ёстиғини кўрилди. Улкада безгак, лейшманиоз, трахома, ришта ва бошқа касалликлар ҳам анча кўп учрар эди. Масалан, Бухородек катта шаҳар аҳолисининг бешдан бир қисмидан кўпроғи ришта касаллигига гирифтор бўлган.

20-а. нинг 20-й. ларида бу борада бир қатор ташкилий ишлар амалга оширилди. Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги тузилиб, ўпкадаги мавжуд касалхона, амбулаториялар ва бошқа(лар) тиббий муассасалар давлат тасарруфига ўтказилди. Даволаш ва эпидемияларга қарши курашиш учун сайёр отрядлар тузилди, бактериологик лаб. ишга туширилди, умумий ўринлар сони 7 мингга яқин касалхоналар очилди. Улкада чин чечак, вабо, ришта, безгак, трахома, лейшманиоз сингари касалликлар, асосан, тугатилди, сил, тери касалликлари ва бошқа(лар) касалликлар сезиларли даражада камайди.

Улкада соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-теник базаси боскичма-боскич кенгайтирилиб, мустаҳкамланди. Тошкентдаги йирик касалхоналарда тор мутахассисликлар бўйича ихтисослашган кўз, қулоқ, асаб касалликлари бўлимлари ва бошқа(лар) ташкил этилди. Самарқандда янги касалхона, Қўқонда болалар касалхонаси, Фарғонада беморларни физиотерапевтик усуллар билан даволайдиган махсус шифохона очилди. Тошкентда шу соҳадаги кичик хусусий касалхона негизида 1919 й. 150 ўринга мўлжалланган физиотерапия ин-ти барпо этилди.

1920 й. Тошкентда силга қарши дастлабки диспансер иш бошлади. 1922 й. врачлик-санитария назорати ташкилоти тузилди. 1924 й. Тошкентда тери-таносил касалликлари диспансери, Бухорода эса тропик тиббиёт ин-ти (ҳоз. Самарқанддаги тиббиёт паразитологияси илмий текшириш институти) очилди. 1924 й. га келиб Туркистонда б тропик ст-я ва унинг жойлардаги тармоқлари ишлаб турди. 1924 й. республикада 53 касалхона, 151 амбулатория (уларнинг 79 таси қишлоқ жойларида), 40 фельдшерлик пункти ва бошқа(лар) муассасалар бор эди. Шу йилларда тиббиёт таълимини йўлга қўйиш ва маҳаллий аҳолидан Тиб мутахассислари тайёрлашга киришилди. 1918 й. да Тошкентда дастлабки тиббиёт ўқув юрти – ҳоз. Охунбобоев номидаги Республика тиббиёт билим юрти, орадан бир йил ўтиб, олий тиббиёт мактаби очилди, фельдшерлик курслари, қисқа муддат ўқитиладиган жарроҳлик курслари, мурувват ҳамширалари курслари ташкил этилди. Олий тиббиёт мактаби 1920 й. да Ўрта Осиё давлат ун-ти таркибидаги тиббиёт ф-тига айлантирилди. Бу ф-тда ўқишга ёшларни тайёрлаш учун республиканинг кўпгина шаҳарларида ишчи ф-тлари очилиб, уларга ўзбек ҳамда бошқа ерли аҳоли йигит-кизлари жалб этилди. Ўрта Осиё давлат ун-ти олий маълумотли тиббий ходимлар тайёрлашдагина эмас, балки жойларда янги тиббиёт ўқув юртлари очишда ҳам муҳим ўрин тутди. 1925 й. вилоятларнинг марказларида тиббиёт марказлари очилди. Утнинг тиббиёт ф-ти 1931 й. мустақил тиббиёт ин-ти (Тошкент тиббиёт институтида айлантирилди. Самарқандда ҳам Самарқанд тиббиёт институти очилди. 1932 й. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ташкил этилди. 1937 й. Тошкент фармацевтика институти иш бошлади. Айни вақтда, илмий тадқиқот ин-тлари ҳам барпо этилди. 1937 й. Тошкентда сил, 1940 й. қон куйиш ин-тлари бор эди. Саноат корхоналари ва қишлоқ жойларига кўплаб шифокорлар юборилди, шаҳар ва қишлоқларда янги касалхоналар, поликлиникалар, амбулаториялар очилди, ҳавоси соф ва хушманзарали жойларда иқлимий курортлар, шифохоналар барпо этилди.

1941-45 й. лардаги уруш даврида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими зиммасига анча масъулиятли вазифа тушди. Жароҳатланган ва шикастланган жангчилар учун госпиталлар очиш, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ўлканинг санитария ҳолатини барқарор сақлаб туриш керак эди. Тез орада 130 дан ортиқ ҳарбий госпиталлар очилди, Ленинграддаги Ҳарбий тиббиёт академияси, Москва тиббиёт ин-ти ва бошқа(лар) тиббий илмий текшириш муассасалари Ўзбекистонга кўчириб келтирилди. Республикада уруш ногиронларини даволаш учун махсус жарроҳлик шифохоналари очилди.

Урушдан кейин республикада бир қанча тиббий илмий тадқиқот ин-тлари қайтадан иш бошлади ва янгилари пайдо бўлди (санитария, гигиена ва касб касалликлари, онкология ва радиология, педиатрия илмий тадқиқот ин-тлари ва бошқа(лар)). 1955 й. Андижон тиббиёт институти’, 1972 й. Ўрта Осиё, ҳоз. Тошкент тиббиёт педиатрия институти, 1990 й. эса Бухоро тиббиёт институти очилди. Кейинчалик 1-ТошТИнинг Урганч филиали, 2-ТошТИнинг Фарғона филиали, Тошкент тиббиёт педиатрия интининг Нукус филиали ташкил этилди. Кардиология, гастроэнтерология, эндокринология, неврология, гематология, пульмонология, аллергология, ревматология ва бошқа(лар) соҳалар бўйича хизмат кўрсатадиган йирик клиникалар ишга туширилди. Ўзбекистонда шифохоналар сони 1010 та, улардаги ўринлар сони 140 072 та бўлди (2003). Советлар тузуми даврида соғлиқни сақлаш муассасалари тармоғи анча кенгайган бўлса-да, лекин экологик номутаносибликлар туфайли ташқи муҳитнинг бузилиши, хусусан, ерга турли хил кучли кимёвий моддалар солиниши, пахта яккаҳокимлиги ва бошқа(лар) ижтимоий нохушликлар натижасида аҳоли орасида турли ички касалликларнинг кўпайиши кузатилди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасини қайтадан ислоҳ қилиш бошланди, соғлиқни сақлаш тизимининг асосий тамоили – профилактик йўналишни тиклаш; унинг замонавий ва самарали усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш; оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш тадбирларини кучайтириш; тиббий таълим тизими ва кадрлар тайёрлаш соҳасини такомиллаштириш; илмий текшириш ишларини давр ва жамият ҳаётининг талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта ташкиллаштириш; мамлакатда сифатли ва етарли миқдорда дри-дармон, тиббий ашёлар ҳамда шу соҳага тааллуқли техник воситалар ишлаб чиқарадиган саноат вужудга келтириш; соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий техник базасини янада яхшилаш; даволаш-профилактика муассасаларининг бир қисмини давлат тасарруфидан чиқариб, мулкчилик шаклини ўзгартириш асосий вазифа қилиб қўйилди.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ишларини ЎзР Соғликни сақлаш вазирлиги бошқаради. Қорақалпоғистон Республикасида соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар, шаҳарлар ҳамда туманларда тегишли бошқарма ёки бўлимлар мавжуд. Республикада соғлиқни сақлашни ривожлантиришда ЎзР Касаба уюшмалари федерацияси, шунингдек, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси, «Қизил ярим ой» жамияти, «Нуроний» жамғармаси ва бошқа(лар) ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Бозор муносабатларига ўтиш соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам янги талаблар қўйди. Хусусан, маъмрий-бошқариш сарф-харажатларини камайтириш; беморларни даволаш жараёнида кундузги камхаражат ва самарали усуллардан фойдаланиш; шифохоналар иш ҳажмининг бир қисмини поликлиникага кўчириш, кам самарали ўринлар сонини қисқартириш; шартнома асосида бажариладиган ишлар учун ҳақ олиш ва бошқа(лар) чоралар кўрилмоқда.

Аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш кўп жиҳатдан давлат эпидемиология хизмати фаолиятига боғлик. Ўзбекистонда санитария-эпдемиология ст-ялари ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг ташклий-услубий ва мувофиқлаштирувчи ишларини олиб борадиган «Саломатлик» марказлари бу вазифани амалга оширмоқда.

Республикада «Саломатлик» институти, унинг вилоятлар ва шаҳарлардаги шохобчалари радио ва телевидение ҳамда матбуотдан фойдаланган ҳолда аҳоли ўртасида санитаригигиенага оид билимларни кенг тарғиб қилиб боради.

Болаларга ихтисослашган тиббий ёрдам берувчи муассасалар тармоғи барпо этилди. Республикада ишлаб чиқилган «Соғлом авлод учун» дастури, аввало, мунтазам ўтказиб триладиган тиббий текширишлар асосида саломатлиги заиф ва касалманд мактаб ўқувчилари ва ўсмирларни аниқлаб, уларни ва, умуман, ёш авлодни соғломлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириб боришни кўзда тутади.

Оналик ва болаликни мухофаза қилишдаги, соғлом авлодни камол топтириш учун энг яхши моддий шароит ва ахлоқий муҳитни таъминлашдаги алоҳида хизматлари учун 1993 й. 7 майда ЎзР нинг I ва II даражали «Соғлом авлод учун» ордени таъсис этилди.

Ўзбекистонда тиббий таълимнинг узлуксиз бўлишига ва мутахассисларнинг ўз малакаларини ошириб боришига катта аҳамият берилади. Тошкентда врачлар малакасини ошириш ин-ти ишлаб турибди. Унинг 43 кафедраси ва ҳар хил ихтисосликка мўлжалланган курсларда ҳар йили 8-10 минг шифокор ўз малакасини оширади.

Мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳот боскичма-босқич олиб борилди. Биринчи босқичда (1991-94 й. лар) бутун эътибор оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш хизматини такомиллаштириш, демографик кўрсаткичларни барқарорлаштириш, юқумли касалликларни камайтиришга қаратилди.

Иккинчи босқичда (1994—98 й. лар) дорхоналар ва бир қанча даволаш-профилактика муассасалари хусусийлаштирилди, амбулатория-поликлиника хизмати ривожлантирилиб қайта тузилди. Натижада, аҳолининг касалхонада ётиб даволаниши 1997 й. даги 18,3 % ўрнига 2001 й. да 13,8 % га камайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси килоклари ижтимоий инфраструктурасини 2000 йилгача бўлган даврда ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарорига (1996 й. 21 май) мувофиқ, соғлиқни сақлаш соҳасида мутлақо янги муассаса – қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП) ташкил этиш ва аҳолига дастлабки фельдшерлик ёрдами эмас, балки малакали врачлик ёрдами кўрсатиш кўзда тутилди. ҚВП учун ҳамма кўрсаткичлар – моддий таъминот, кадрлар, замонавий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича халқаро стандартларга мос келадиган махсус мезон ишлаб чиқилди.

1998 й. дан соғлиқни сақлашнинг ривожланишида янги давр бошланди – 1998 й. 10 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 1998-2005 й. ларда соғлиқни сақлаш тизимини қайта қуриш Давлат дастури қабул қилинди. Унда мамлакат ахолисига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш тадбирлари кўрсатиб берилди. Бу дастур асосида соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинини мустаҳкамлаш ва умумий врачлик амалиётини ривожлантириш тадбирлари амалга оширилди. Ҳамма вилоятларда ҚВПнинг кенг тармоқлари ташкил этилди, натижада икки босқичли, яъни ҚВП ҳамда туман марказий шифохонаси орқали тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди. Мазкур ишлар Жаҳон банки билан ҳамкорликда «Саломатлик» лойиҳаси асосида амалга оширилди. Бу соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини муассасаларини бошқариш ва молиялаштиришнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва умумий амалий тиббий ходимлар тайёрлаш имконини берди.

Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг янги шакли жорий этилди. Натижада мамлакатнинг ҳамма ҳудудларида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишга, уйга шифокор чақириш билан малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ўртасидаги вақтни анча қисқартиришга муваффақ бўлинди. Ҳоз. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Нукус ш. ва барча вилоят марказларида унинг филиаллари ҳамда марказий туман ва шаҳар касалхоналари бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда кадрлар тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, фавқулодда вазиятларда тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилади.

Тиббий кадрлар тайёрлашда ижобий ўзгаришлар рўй берди. Тиббиёт олий ўқув юртларида ўқиш муддати 7 йилга узайтирилиб, бакалавр ва магистрлар, шунингдек, олий малакали тиббий ҳамширалар – ҳамширалар иши баклаврлари тайёрланадиган бўлди.

Оналар ва болаларни муҳофаза қилиш хизматини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари узоқ муддатга мўлжалланган Давлат дастурларида [«Оналар ва болалар скрининги» (1998), «Соғлом авлод» (2000), «Она ва бола» (2001), «Аёллар ва ўсиб келаётган авлодлар соғлигини мустаҳкамлаш бўйича кўшимча тадбирлар тўғрисида» (2002)] белгилаб берилди. Экстрагенитал касалликларни аниқлаш ва бундай беморларни соғломлаштириш учун фертил ёшдаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш иши янада жонлантирилди, уларни котрацептив воситалар билан таъминлаш ҳажми кўпайтирилди, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида барвақт ва яқин қариндошлар билан турмуш кўришнинг салбий оқибатлари, экстрагенитал касалликлари бор аёлларда ҳомиладор бўлиш ва туғишнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари анча фаоллаштирилди. Туғма нуқсонли ва ирсий касаллиги бор болаларнинг туғилиши олдини олиш мақсадида оналар ва болаларда скрининг ўтказиш тизими ташкил этилди, генетика Давлат регистрини яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар «Сиҳат-салматлик» журнали, «Ўзбекистон тиббиёт журнали» ва тиббиёт соҳаларига оид журналларда ёритиб борилади.

[addtoany]