Колит

Колит [юн. kolon – йўғон ичак], кўлунж – йўғон ичакнинг яллиғланиши. Кўпинча, юқумли касалликлар (дизентерия, паратиф), шунингдек, овқат маҳсулотларидан заҳарланганда, ичак фаолиятининг нерв орқали бошқарилиши издан чиққанда, баъзан гижжалар таъсирида келиб чиқади. Колитга саноатда ишлатиладиган заҳарли моддалар (симоб, маргимуш, сулема, органик моддалар), баъзи касалликларда организмда ҳосил бўладиган токсинлар (интоксикацион колит) сабаб бўлади. Антибиотиклар ва бошқа(лар) дориларни назоратсиз қабул қилиш оқибатида ҳам хасталик юзага келади. Ўткир ва сурункали колит фарқ қилинади.

Ўткир колит тўсатдан бошланади, қорин дам бўлади ва тўтиб-тутиб оғрийди, ич кетади, у, кўпинча, шиллиқ, йиринг ёки қон аралаш, ачимсиқ ҳидли бўлади. Колитнинг инфекцион хилида бемор дармонсизланади, оғзи курийди, кўнгли айнийди, ҳарорати 39-40° гача кўтарилади. Ўткир колит ўз вақтида қунт билан даволатилмаса, сурункали колитга айланади.

Сурункали колитда касаллик дам зўрайиб, дам пасайиб туради. Касалликнинг зўрайишга йўғон ичакка таъсир қилувчи таомлар (туламалар, аччиқ ва нордон нарсалар) истеъмол қилиш, жисмоний ва руҳий толиқиш, ҳаяжоланиш, қуёш тиғида туриб қолиш, баданнинг қизиб кетиши, овқат ҳазм қилиш йўллари бошқа касалликларининг авж олиши сабаб бўлади. Бунда суюқ ич кетиши қабзият билан алмашиниб туради, ахлат билан кўп миқдорда шилимшиқ ажралиб чиқади. Беморнинг иштаҳаси йўқолади, ҳолсизланади ва салга толиқади, озиб кетади, витамин етишмовчилиги ва бошқа(лар) ҳолатлар кузатилади. Йўғон ичакда юза-катарал яллиғланишдан то ярали яллиғланишгача бўлган ўзгаришлар кузатилади. Касалликнинг олдини олишда ичак инфекциясини бартараф этиш, овқатланишни маромида олиб бориш, шунингдек, ичак касалликларини ўз вақтида даволатиш муҳим. Меъда-ичак шиллиқ каватига таъсир этувчи заҳарли моддалар (масалан, қўрғошин) билан ишлаганда хавфсизлик техникаси қоидаларига тўла амал қилиш ва вакт-вақти билан шифокор назоратидан ўтиб туриш керак.

Давоси. Касалликнинг тури ва кечишига қараб даво буюрилади. Парҳез таомлар, дори-дармонлар, физиотерапия, меъда-ичак касалликларига ихтисослашган даволаниш маканларидан фойдаланиш тавсия этилади.

[addtoany]