Коммунал гигиена, аҳоли яшайдиган жойлар гигиенаси – гигиенаснинг бир бўлими. Аҳоли яшайдиган жойларда уй-жой шароити ва атроф муҳит омилларининг аҳоли соғлигига таъсирини ўрганади. Аҳолининг соғлом ва қулай турмуш шароитини таъминлаш учун гигиена меъёри ва санитария қоидаларини ишлаб чикали. Абу Али Ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» китобида кўриладиган тураржойлар кунгай, баҳаво ва қуруқ тупроқли бўлишини айтиб ўтган. Исмоил Журжоний «Хоразмшоҳ хазинаси» китобида нам, зах жойларга уй-жой курганда пойдевори баландроқ бўлиши, шунингдек, атмосфера ҳавоси ва ичиладиган сув тозалигини сақлаш кераклигини ёзган.
Аҳоли яшайдиган жойларнинг атмосфера ҳавоси гигиенаси ва ҳавони санитария жиҳатдан муҳофаза қилиш, сув ва сув таъминоти гигиенаси, тупроқ гигиенаси ва аҳоли яшайдиган жойларни тозалаш, сув ҳавзаларини санитария жиҳатдан муҳофаза қилиш, тураржой ҳамда бинолар, шунингдек, даволаш ва профилактика муассасалари гигиенаси коммунал гигиенанинг асосий бўлимларидир. Коммунал гигиена турли текшириш усулларидан, масалан, ташқи муҳитни ўрганишда физик, кимёвий ва биологик усуллардан, ташқи муҳитнинг организм ва кишилар соғлиғига таъсирини ўрганишда физиологик, санитария-токсикологик, клиник-статистик усуллар ва бошқалардан фойдаланади. Саноатда ва к. х. да ишлатиладиган кўпгина кимёвий моддаларни тажрибада текшириб, йўл қўйиш мумкин бўлган зарарсиз миқдор кўрсаткичларини тавсия этади. Коммунал гигиена масалалари билан Ўзбекистон Санитария, гигиена ва касб касалликлари ҳамда Эпидемиология, микробиология ва инфекцион касалликлар ин-тлари, шунингдек, тиббиёт ин-тларнинг коммунал гигиена кафедралари шуғулланади. Коммунал гигиенанинг ривожида ўзбек олимларидан А. 3. Зоҳидов, Қ. С. Зоиров, С. Н. Бобожонов. Т. И. Искандров, Н. С. Тожибоева, Р. У. Убайдуллаев, А. X. Комилжоновларнинг хизматлари катта. Коммунал гигиенага оид маълумотлар «Ўзбекистон тиббиёт журналида ёритиб борилади.
[addtoany]