Лат ёйиш

Лат ёйиш – тери юзасининг бутунлигига зарар етмасдан туриб, юмшоқ тўқималарнинг механик шикастланиши. Кишини зарб билан ўринда ёки у қаттиқ жойга йикилганда лат ейди. Енгил, ўртача ва оғир Л. е. кузатилади, унинг енгил ёки оғирлиги механик таъсир қилувчи жисм юзасининг ўлчами ва таъсир тезлигига, шунингдек, тўқиманинг тузилишига боғлиқ. Кўпинча, тери ва тери ости ёғ катлами, мушаклар, суяк пардаси, болдирнинг олдинги қисми, калла суяги гумбази лат ейди. Шикастланган жойда оғриқ ва шиш пайдо бўлиши Л. е. нинг асосий белгиси ҳисобланади. Шиш катталашиб, атрофга тарқалган сари оғриқ кучайиши мумкин. Л. е. ҳаёт фаолиятларининг вақтинчалик бузилишига сабаб бўлади, масалан, кўкрак қафаси қаттиқ лат еганда нафас олиш қийинлашади. Бошнинг Л. е. и мия чайкалишига олиб келади ёки қуйилган қон мияни эзиб қўяди (қ. Мия чайқалиши). Қорин лат еганда жигар ва ичак ёрилиши мумкин. Шикастлангандан сўнг тўқималарга қон қўйилишининг олдини олиш учун лат еган жойга совуқ нарса қўйиш (муз халта ёки совуқ сувга латта қўллаб босиш) керак. Шикастланган аъзони қимирлатмай, маҳкам қилиб боғлаш лозим. Қаттиқ лат еганда (бош, кўкрак қафаси, қорин шикастланганда) кучли оғриқ пайдо бўлади, беморнинг умумий аҳволи оғирлашиб, боши оғрийди, кўнгли айниб, қайт қилади. Бунда шикастланган кишини дарҳол шифокорга кўрсатиш лозим.

Загрузка...