Лимфаденит

Лимфаденит [лимфа ва юн. aden – без] – лимфа тугунларининг яллиғланиши. Лимфа тугунларига яллиғланиш пайдо қилувчи микроблар ва уларнинг заҳари тушганда шулар асорати, яъни иккиламчи касаллик сифатида рўй беради. Касалликнинг кўзғатувчисига ва яллиғланиш характерига кўра, лимфаденитнинг номахсус (одатдаги йирингли инфекция) ва сил, захм ва бошқа(лар) юқумли касалликларда кузатиладиган махсус хиллари, шунингдек, кечишига қараб ўткир ва сурункали лимфаденит фарқ қилинади. Кўпроқ бўйин, қўлтиқ ва чов соҳаси лимфа тугунлри яллиғланади. Ўткир лимфаденитда лимфа тугунлари катталашади, шишади, пайпаслаб кўрилганда оғрийди, беморнинг умумий аҳволи айтарли ўзгармаслиги мумкин. Касаллик авж олганда беморнинг ҳарорати кўтарилади, боши оғрийди, мадори қурийди, шишган лимфа тугуни устидаги тери қизаради ва ҳ. к. Ўткир лимфаденит ўтказиб юборилган ҳолларда сурункали тус олади, бунда лимфа тугунлари катталашиб, зичлашади, фаолияти сусаяди. Лимфаденит оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин, шунинг учун дарҳол шифокорга мурожаат қилиб, даволаш зарур. Специфик Л. да унга сабаб бўлган (сил, захм ва бошқа(лар)) касаллик даволанади. Шунингдек, антибиотиклар ва физиотерапевтик муолажалар буюрилади, йирингли яллиғланиш бўлганда жарроҳлик усули қўлланилади.

[addtoany]