Маниакал-депрессив психоз

Маниакал-депрессив психоз, цилофрения – руҳий касаллик; ғамгин (депрессия) ёки кўтаринки (мания) руҳий ҳолатлар хуруж қилиши (фазалари) билан кечади. Ҳуружлар бир неча кундан бир неча ойгача давом этади.

Маниакал фазада бемор кайфи чоғ, серҳаракат, сергап бўлиб, ўзини ҳар ишга қодир, ишбилармон деб билади. Чарчаш нималигини билмайди, кам ухлайди.

Депрессив фазада бемор ғамгин, руҳияти ва ҳаракатлари суст, одамови бўлиб қолади, тушкунликка тушади, мадори қуриб битгадек туюлади, ишлашга қийналади, уйқуси ва иштаҳаси бузилади (қ. Депрессия). Одатда, касаллик фазалари бир-бири билан алмашиниб туради; ёш улғайган сари депрессив фаза кўп учрайди. Касаллик баъзан монофаз кечиши ҳам мумкин, бунда фақат маниакал ёки фақат депрессив фаза қайд қилинади. Баъзи ҳолларда бир фаза бевосита иккинчиси билан алмашинади, бироқ фазалар ўртасидаги вақт йиллаб чўзилади. Беморнинг қиёфаси деярли ўзгармайди. Психоз хуружлари бўлмаган даврда бемор ўзини соғлом ҳис қилади. Лекин маниакал фаза одам кексайганида учраса, бемор заиф бўлиб қолади. Депрессив фаза беморда ҳаётга қизиқишнинг йўқолиши ва ўз-ўзини ўлдириш эҳтимоли борлиги билан хавфли. М.-д. п. белгилари пайдо бўлганда психиатр-врачга мурожаат қилиш зарур, вақтида қилинган даво яхши наф беради. Тинчлантирувчи ва антидепрессив воситалар буюрилади, жиддийроқ ҳолларда касалхонага ёткизилади.

[addtoany]