Манқа – одам ва ҳайвонларда учрайдиган инфекцион касаллик. Тери, шиллиқ пардалар, мушаклар ва ички аъзоларнинг зарарланиши билан кечади. Касалликни таёқчасимон бактерия – Pseudomonas mallei кўзғатади. Манқа зооноз инфекция бўлиб, аксари бир туёқли ҳайвонлар (от, эшак, хачир, туя ва зебралар)да учрайди. Касаллик, кўпинча, одамга манқа билан оғриган отлардан юқади. Инфекция қўзғатувчиси шикастланган тери ёки шиллиқ қаватлар орқали организмга тушади. Касалликнинг касбга алоқадорлиги аниқланган, кўпроқ ҳайвонларга карайдиган кишилар (отбоқарлар, йилқчилар, чавандозлар, ветеринария ходимлари ва бошқалар) касалланади. Манқанинг яширин даври 1-5 кун. Хасталик ўткир ва сурункали кечади. Касалликнинг ўткир шаклида қўзғатувчи кирган жойда яллиғланиш, сўнгра ярага айланувчи гранулёмлар пайдо бўлади. Кейинчалик регионар лимфа тугунларида яллиғланиш, тери ва шиллиқ қаватларда пустулёз тошмалар, мушаклар ва тери остида йирингли яралар. Ички аъзолар ва мушакларда абсцесслар, йирингли остеомиелит ва артритлар юзага келади. Кўпинча, қон ва бронхлар орқали ўпка шикастланади. Леталлик жуда юқори. Касаллик бир неча ой давом этиб сурункали шаклга айланиши мумкин.
[addtoany]