Маразм [юн. marasmos – дармонсизлик, сўниш] – одам руҳий фаолиятининг заифлашиб кетиши. Шахснинг тубанлашуви билан ўтади. Ақли заифликнинг энг оғир кўринишларидан бири. Бош мия пўстлоғи атрофияси сабаб бўлади. Умумий дармонсизлик, бора-бора барча ҳаётий жараёнларнинг сўниши билан кечади. Бунда бемор атроф муҳитдан бутунлай ажралиб, ўзини эплай олмай, нотавон бўлиб қолади. Истеъмол қилиб бўладиган нарсани еб бўлмайдиган нарсадан фарқлай олмайди. Овқатланиш ва жинсий ҳирс сақланиб қолади. Жисмоний заифлашиб, ўрнида ётаверади, ётоқ яралар, ички аъзоларда дистрофик ўзгаришлар рўй беради. Сабабсиз йиғлайди ёки кулади. Кексаликдаги эси пастликнинг сўнгги босқичида, ривожланувчи фалажда ва марказий нерв тизимининг баъзи касалликларида учрайди. Бемор йиллаб ўрнидан туролмай ётиб қолади, шунинг учун уни сабр-тоқат билан парвариш қилиш лозим (қ. Беморни парвариш қилиш).
[addtoany]