Менингит [юн. meninx – мия пардаси] – бош мия ва орқа мия пардаларининг яллиғланиши, Микроорганизмлар кўзғатади (қ. Мия пардаси). Мустақил касаллик сифатида пайдо бўладиган бирламчи ва асоратлар туфайли ёки инфекция юқиши, масалан, ўрта қулоқ,, бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши, грипп, қизамиқ, тепки, сил, захм оқибатида келиб чиқадиган иккиламчи менингит фарқланади. Менингит қўзғатувчиларига (вирусли, бактериал, замбуруғли; сил, захм менингити ва бошқа(лар)), кечишига (ўткир, ўртача ўткир ва сурункали), орқа мия суюқлиги (ликвор)нинг ўзгаришига қараб (йирингли ва сероз менингит) ажратилади. Чивин ва каналар юқтирадиган инфекцион касалликлар (энцефлит, менингоэнефалит)да ҳам менингит кузатилади. Инфекция менингит билан оғриган бемор ёки бактерия ташиб юрадиган «соғлом» кишилардан (улар билан сўзлашганда, ўпишганда, бемор аксирганда, йўталганда), аксари юқори нафас йўллари яллиғланган беморлардан юкади. Катталарга нисбатан ёш болалар кўпроқ касалланади. Аксарият кеч куз, қиш ва эрта баҳорда учрайди. Касаллик тўсатдан бошланади, ҳарорат 38-40°га кўтарилади, бадан увишади, бемор тез-тез қайт қилади (овқат еса-емаса ҳам), безовталанади. Менингитнинг шаклига қараб клиник белгилари хима-хил бўлади, лекин уларнинг барчасига хос айрим аломатлар мавжуд; қаттиқ бош оғриғи, бош ва бўйин мушакларининг тортишиши натижасида беморниг боши орқага энгашган бўлиб, олдинга эга олмайди, оёқлари букилиб қолади. Баъзан бемор алаҳлайди, талваса тутиши ҳам мумкин, ташқи таъсиротлар (кучли ёруғлик, қаттиқ товуш ва ҳ. к.)га таъсирчан бўлади.
Менингит ҳамиша шиддат билан бошланмайди. Иккиламчи М. аста-секин авж олади; дармон қурийди, бош оғрийди. Агар бирор юқумли касаллик қўшилса, беморнинг умумий аҳволи оғирлашади ва юқорида санаб ўтилган клиник белгилар ривожланади.
Ксалликнинг ҳамма хилида беморни дарҳол шифокорга кўрсатиб, албатта, касалхонага ётқизиш керак. Даво ўз вақтида бошланса бемор батамом соғайиб кетади. Касаллик қўзғатучисини ташиб юрувчилар топилса, жамоадан ажратилади ва даволанади.
Олдини олиш учун қулоқ, томоқ ва бурун бўшлиғининг яллиғланиш ва йирингли касалликларини ўз вақтида даволаш лозим.
[addtoany]