Овқатдан бўладиган токсикоифекциялар ва интоксикациялар

Овқатдан бўладиган токсикоифекциялар ва интоксикациялар – патоген Микроорганизмлар ёки уларнинг токсинлари тушган озиқ-овқатларни истеъмол қилганда юзага келадиган ўткир касалликлар гуруҳи. Истеъмол маҳсулотларига турли кимёвий моддалар, қишлоқ хўжалиги да ишлатиладиган ҳар хил ўғитлар, дефолиантлар тушган овқат, сув, ҳўл мева, сабзавотлар, кўзикориннинг айрим заҳарли турлари билмай ейилганда рўй берадиган овқатдан заҳарланиш бундан мустасно.

Кўп ҳолларда Овқатдан бўладиган токсоинфекциялар ва интоксикациялар зарарланган гўшт, балиқ, тухум, сут маҳсулотлари, сабзавотлардан тайёрланадиган салатларни еганда рўй беради. Етарли даражада стерилланмасдан тайёрланган консервалар ҳам О. б. т. ва и. га сабаб бўлади.

Озиқ-овқатларга патоген Микроорганизмлар турли йўллар билан тушиши мумкин. Инфекция билан зарарланган маҳсулотлардан овқат тайёрлаш, идиш-товокларни яхшилаб ювмаслик, салат тайёрлаётганда гигиена қоидаларига риоя килмаслик, озиқ-овқатлар ёки уларнинг хомашёларини нотўғри сақлаш О. б. т. ва и. юзага келишига имкон беради. Инфекциянинг асосий манбаи касал ёки патоген микроб ташувчи одам, ҳайвон ва қушлар, шунингдек, инфекциянинг механик ташувчилари (пашша, суварак, кемирувчилар ва бошқа(лар)) ҳисобланади.

О. б. т. ва и. ни, кўпинча, сальмонелла, шигелла, ичак таёкчаси, стафилококк, протея, клостридия, хеликобактериялар ва ҳ. к. кўзғатади. Масалан, судга ҳайвонлардан, асосан, сил микобактериялари, сальмонеллалар, бруцелалар, патоген стафилококк ва стрептококклар тушади. Судни ташиш, қуйиш, қайта ишлаш, маҳсулот тайёрлаш даврида хизматчилар орасидаги касал ёки микроб ташувчилардан ҳам патоген бактериялар тушиши мумкин. Гўшнинг патоген ва шартли-патоген микроблар билан ифлосланиши ҳайвон ва қушларнинг касалланиши ҳисобига, улар сўйилганда, териси шилинганда, гўшт маҳсулотларини ташиш ва сақлаш жараёнларида юзага келиши мумкин. Балиқ таркибида қорин тифи сальмонеллалари ичбуруғ шигеллалари, ботулизм қўзғатувчилари ва вабо вибрионлари узоқ вақт сақланиб қолади. Мева ва полиз маҳсулотларида, асосан, тупроқнинг патоген микрофлораси (шигелла, сальмонелла, вабо вибриони, ичак таёкчаси, ботулизм қўзғатувчиси, замбуруғлар ва бошқа(лар))ни учратиш мумкин. Кўпинча, гўшт, балиқ, мева ва полиз маҳсулотлари консерваларида ботулизм қўзғатувчиси сақланиб қолади, чунки бу анаэроб микроорганизм бўлгани учун консерва ичида уларга оптимал шароит вужудга келади. Тухум таркибида, кўпинча, сальмонеллалар, замбуруғлар, актиномицетлар, стафилококклар учрайди. Нон махсулотларида, асосан, патоген замбуруғлар ва бактерияларни топиш мумкин.

Масалликлар ва овқатлар (масалан, норин, сомса, қийма ва бошқа(лар)) иссиқ жойда сақланганда, уларда микроблар тез кўпаяди. Масалан, янги тайёрланган қиймага бир неча бактерия тушган бўлса, бир кунда улар сони бир неча мингга етади. Шунинг учун, қийма ва бошқа(лар) шунга ўхшаш тез бузиладиган масаллиқларни фақат совуқ жойда (музлаткичларда, қишда иситилмадиган хоналарда) қисқа вақт сақлаш мумкин. Ўта юқори ҳароратда Микроорганизмлар нобуд бўлади, шунинг учун овқат пиширганда ковриш ёки кайнатиш муддатини камайтирмаслик лозим. О. б. т. ва и. нинг яна бир хили консеваларда учрайдиган ботулизм қўзғатувчиси бўлиб, заҳарланиш аксари термик ишлов бериш қоидаларига тўлиқ амал қилмай тайёрланган консервалар истеъмол қилинганда рўй беради. Бу бактериялар қать ий анаэроблар бўлгани учун консерва ичида тез кўпаяди ва ўта заҳарли 2 хил экзотоксин (нейротоксин ва гемолизин) ишлаб чиқаради. Бу токсинлар марказий нерв тизими, мушаклар ва юрак-томир фаолиятига таъсир этади.

О. б. т. ва и. ўткир гастроэнтерит тарзида кечади. Токсикоинфекцияларнинг юзага келиши ва ривожланиши меъда-ичак тизимига овқат билан тушган патоген Микроорганизмлар миқдори, тури ва организмнинг реактивлигига боғлик. Организмнинг заҳарланиш аломатлари организмга микроб тушганидан сўнг бир неча соат ўтгач бошланади: бемор ўзини нохуш ҳис қилади, кўнгли айниб, қусади, ичи кетади, қорни оғрийди, кўпинча, ҳарорати 38-39° га кўтарилади. Бу белгилар бошланганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.

О. б. т. ва и. нинг олдини олиш учун овқат тайёрлаш ва сақлашда санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, ошхона ва идиш-товоқларни доимо тоза тутиш, механик ташувчиларга қарши курашиш лозим.

Ветеринария ва санитария-эпидемиология назорати ходимлари ҳайвонларнинг соғлигини, гўшт ва балиқ, полиз маҳсулотларини лаб. теширувидан ўтказилишини доимо назорат қилишлари шарт. Гўшт ва балиқ комбинати, ошхона хизматчилари ва тиббиёт ходимлари бактерия ташувчиларни аниқлаш ва уларни даволаш учун мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб туришлари керак. Аҳоли ўртасида санитария маорифи ишлари олиб бориш О. б. т. ва и. нинг олдини олишда муҳим тадбир ҳисобланади.

[addtoany]