Оч қолиш

Оч қолиш (тиббиётда) – озиқ моддаларнинг организмга бутунлай ёки етарли кирмай кўйиши ёки тузук ўзлаштирилмаслиги сабабли организмда рўй берадиган ҳолат; оч қолиш сифатсиз овқат истеъмол қилганда ёки организм бирор сабабга кўра овқатни сингдира олмаганда ҳам вужудга келади.

Оч қолиш табиатда ҳайвонлар орасида физиологик ҳолат ҳисобланади (улар қишки уйқуга кетганда). Бунда организмда моддалар алмашинуви кескин пасаяди.

Одамда оч қолиш патологик ҳодиса бўлиб, овқат емаганда, ёйилган овқат ҳазм бўлмаганда (масалан, меъда-ичак касалликларида) ёки сифатсиз овқат ейилганда рўй беради. Бундай ҳолат айниқса, болалар учун зарарли, бундай болалар жисмоний ва ақлий жиҳатдан тузук ривожланмай қолади.

Тўлиқ, мутлақо (абсолют) ва чала (тўйиб овқатлана олмай) оч қолиш фарқ қилинади. Бундан ташқари, айрим озиқ моддалар организмга етарли кириб турмаса, жузъий (сифат жиҳатдан) оч қолиш деб юритилади. Тўлиқ ва мутлақо (абсолют) оч қолишда организмдаги захира озиқ моддалар (айниқса, ёғ) ҳисобига у бир неча вақт яшаб туради. Одам учун тўлиқ очликнинг чегараси 70 кунгача, бу кишининг ўзига хос жиҳатлари, ёши, жинси ва бошқа(лар)га боғлиқ. Аёллар очликка кўпроқ чидамли; болалар ва кексаларга очлик тез таъсир этади.

Ёғ босишни, баъзан моддалар алмашинувининг бузилишига алоқадор бўлган бошқа касалликлар (подагра, қандли диабет ва бошқа(лар)), шунингдек, аллергик ва руҳий касалликларни даволаш мақсадида тўлиқ ва жузъий очлик татбиқ этилади. Оч қолдириб даволаш курси 2 даврдан иборат: оч қолиш ва тикланиш, бу даво усулини касалхона шароитида олиб бориш мақсадга мувофиқ.

[addtoany]