Олигофрения

Олигофрения [олиго… ва phren – ақл], ақлий норасолик – туғма ёки 3 ёшгача бўлган даврда орттирилган руҳий ривожланмай қолиш билан кечадиган касалликлар гуруҳи. Бу ном немис психиатри Э. Крепилин томонидан берилган. Олигофрения аёлларга нисбатан эркаклар орасида кўпроқ учрайди. Олигофрениянинг енгил – дебиллик, ўртача – имбециллик ва оғир идиотлик (идитизм) тури фарқ қилинади. Олигофрениянинг сабаблари хилма-хил. Буларга генетик-ирсий омиллар, хромосомаларнинг бузилиши, ота-она касалликлари, айниқса, онанинг ҳомиладорлик вақтидаги касалликлари ва заҳарланишлари, боланинг туғилиш давридаги шикастланишлари ҳамда бола туғилгандан кейин 3 йил ичида ўтказган оғир касалликлари (менингит, энцфалит ва ҳ. к.), миянинг шикастланишлари ва бошқа(лар) киради.

Олигофрениянинг асосий белгиси руҳий фаолиятнинг ҳамма томонлама етишмаслиги, шахснинг билим ва кўникмаларининг етук эмаслиги, тафаккури, фикрлаш қобилиятининг чегарланганлиги ёки умуман йўқлиги киради. Шахс ривожлана ва камол топа боргани сари унинг фикрлаши абстрактлаша бошлайди, яъни аниқ нарсалар ва белгиларга қараб тафаккури бойиди. Масалан, дастлаб бир сонни бошқасига кўшиш керак бўлса, бунда болалар конкрет предмеларни кўзда тутадилар. Кейинроқ предмелашган сонлар ўрнига фақат қуруқ сонларнинг ўзи қолавериши мумкин бўлиб қолади, яъни ўша конкрет нарсалар, буюмлар (предметлар) мавҳумлашади. Мана шу жараёнга улар тушуниб етмайдилар. Карра жадвални ёллаб олиб айтиб бериш – конкрет ҳодисадир, конкрет хотира фаолиятидир. Бироқ бу жадвал ичида айириш, қўшиш, бўлиш каби амалларни бажаришда мавҳумлашган фикрлар зарур бўладики, буни бажаришда ақли заиф болалар жуда қиналадилар ёки бутунлай бажара олмайдилар. Фикрларни абстракция қилиш қобилиятининг йўқлигини, сўзларнинг маъносига тушуниб емаслик ҳолатларини ҳам кўриш мумкин. Олигофренияда сўз бойлиги, сўзлаш қобилияти, ҳиссиётлар, ҳаракатлар ҳам саёз бўлади. Кўпинча, бундай беморларда турли хил туғма нуқсонлар (аномалиялар) кузатилади. Буларга мушакларнинг заифлиги (парез), бош мия чаноғининг катта ёки кичиклиги ҳамда қийшиқ бўлиши, кўз, қулоқ, бурун, оғиз бўшлиғи, қўл-оёқ панжалари камчиликлари ёки нуқсонлари ва бошқа(лар) киради. Каттароқ ёшга етган ақлий норасо беморларда дайдилик, овқатланиш ва жинсий ҳисларнинг ошишига тааллуқли хатти-ҳаракатлар, итоат этмаслик, қайсарлик ёки тажовужкорлик белгилари кузатилади.

Загрузка...