Олигофренопедагогика

Олигофренопедагогика [Олигофрения ва педагогика] – ақли заиф болаларни ўқитиш, тарбиялаш, коррекциялаш (тузатиш), ижтимоий ҳаётга жалб этиш масалаларини ўрганувчи дефектология тармоғи. Олигофренопедагогиканинг асосий вазифаси ақли заиф болаларнинг ривожланишида коррекцион тарбиянинг моҳиятини очиб бериш, улардаги нуқсоннинг ривожланишини ва нуқсоннинг ўзини бартараф этиш йўлларини, махсус мактаб ва мактабгача тарбия муассасаларида ақли заиф болалар учун махсус талим-тарбия ва коррекцион-ривожлантирувчи иш ва усулларни ишлаб чиқиш ҳамда такомилаштиришдан иборат. Олигофренопедагогика умумий ва махсус педагогика, психология, анатомия, физиология, генетика, невропатология, педиатрия, олигофрения клиникаси ютуқларига асосланади. 19-а. бошларида тиббиёт ва пед. нинг ривожланиши туфайли муайян йўналиш сифатида вужудга келди. Ўша асрнинг ўрталарида француз шифокори ва педагоги Э. Сеген (1812-80) ақли заиф болаларни ўқитиш ва тарбиялаш назариясини ишлаб чиқди. Айниқса, унинг «Ақлий нормал бўлмаган болалар тарбияси, гигиенаси ва ахлоқий Давоси» асари (1846) олигофренопедагогикада катта ютуқ бўлди. Чет элларда олигофренопедагогиканинг шаклланиши

Ж. Демор ва О. Декроли (Бельгия), Б. Меннель ва А. Фукс (Германия), А. Бине, Ж. Филипи ва И. Бонкур (Франция), В. М. Бехтерев, П. Ф. Лесгафт, Л. С. Виготский (Россия) ва бошқа(лар) номи билан боғлиқ. Ўзбекистонда С. Т. Айтметова, К. К. Мамедов, П. М. Пўлатова, М. И. Соатовалар томонидан олигофренопедагогика бўйича ўқув қўлланмаси тайёрланиб нашр этилган. Ўзбекистонда ақли заиф болаларни тарбиялаш ва ўқитиш махсус ёрдамчи мактабларда амалга оширилади. Олигофренопедагогикада бола ҳис-туйғусини бойитишга, нутқини ривожлантиришга катта аҳамият берилиб, таълим-табиявий жараёнда кўргазмали қуроллар ва бошқа(лар) усуллардан кенг фойдаланилади. Ақли заиф болаларни психологик-педагогик ўрганиш асосида ҳар бир болага алоҳида ёндашилади. Ўзбекистонда олигофренопедагогларни Тошкент пед. ун-ти ва пед. ин-тларининг дефектология ф-тлари тайёрлайди. Олигофренопедагогикага оид илмий текшириш ишлари Ўзбекистон пед. фанлари илмий текшириш ин-тида, Тошкент пед. ун-ти ва айрим пед. ин-тларининг дефектология кафедраларида олиб борилади.

Загрузка...