Оқсилли озуқалар

Оқсилли озуқалар – ўсимликлар ва ҳайвонлар маҳсулотларидан тайёрланган, таркибида протеин кўп бўлган ем-хашак. Кўпчилик моллар учун ем-хашак озукалар – кўкўт, пичан, дон ва дон чиқитлари, кунжара ва бошқа(лар) протеининг асосий манбаи ҳисобланади. Кўк озуқлар орасида ёш дуккакли ўсимликлар ўтида хом протеин, айниқса, кўп. Масалан, беданинг 1 озуқа бирлигида 200 г, хашаки дуккакли ўсимликларнинг 1 озуқа бирлигида 320 г гача хом протеин бор. Шунингдек, уларнинг сифати ҳам ғоят юқори бўлиб, тез ҳазм бўлишига ёрдам берадиган сувда эрувчи ва тузда эрувчи оқсиллар, алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар кўп. Шунингдек, дуккакли экинлар дони ҳам протеинга бой: нўхат ва вика 1 озуқа бирлиги донида 200 г гача, сояда 256 г гача протеин бор. Аминокислоталар таркиби бўйича кунжара (1 озуқа бирлигида 270-340) ва шротлар (300-370 г) протеинлари ҳам тўла қимматли емиш ҳисобланади. Ҳайвон маҳсулотларидан тайёрланган емларда протеин миқдори кўп ва юқори биологик кимматга эга. Гўшт ўйининг 1 озуқа бирлигида 570 г, балиқ ўйининг энг яхши навларида 600 г дан ортиқ, қуруқ қон кукуни 1 озуқа бирлигида 550 г протеин бор. Пиво, нон ва озуқа ачиткилари ҳам таркибида оқсилнинг кўплиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, ачитқи хамиртуруш В гуруҳидаги витаминлар ва микроэлементлар манбаидир.

[addtoany]