Ортопедия

Ортопедия [орто… ва лот. paideia- парвариш қилиш] – тиббиётнинг бир соҳаси. Туғма нуқсонлар, шикастлар ва турли касалликлар оқибатида таянч ҳаракат аъзолари шакли ва функциясининг бузилишини аниқлаш, даволаш ва олдини олиш йўлларини ўрганади. Ҳоз. Ортопедия фанига француз шифокори Н. Андри (1658— 1742) асос солган. Ортопедия узоқ тарихга эга. Умуртқа поғонасининг кийшайиши, маймоқлик, сон суягининг бўкса бўғимидан чиқиши, синган ва чиққан суякларни солиш ва тўғрилаш усуллари Гиппократ асарларидаёқ муфассал баён этилган эди.

Қад. замон шифокорлари Асклепий, Галги ва бошқа(лар) ҳам ортопедияга кўпгина янгилик киритдилар. Ўша даврда таклиф қилинган «лордоз» (умуртқа поғонасининг олдинга кийшайиши), «кифоз» (орқага кийшайиши), «сколиоз» (ёбошга кийшайиши) каби атамалар ортопедияда шу кунга кадар ўз моҳиятини сақлаб қолди. Ўрта Осиё олимларидан Абу Али ибн Сино, Абдулқосим Абдураҳмон ва бошқа(лар) ўз асарларида слаш усулларини тасвирладилар ва синган қўл ёки оёққа гипс боғлов қўйишни амалда татбиқ этдилар. Француз хирурги А. Паре эса қўл ёки оёқ суякларининг синиши, чиқиши, умуртқа поғонасининг кийшайиши, туғма маймоқлик ва бошқа(лар)нинг келиб чиқиш сабабларини тасвирлади, турли даво усулларини таклиф этди.

18-а. охирларида махсус ортопедик-дволаш муассасалари ташкил топди. Синган қўл-оёқ суягини даволашда Европада биринчи марта гипс қўлланила бошлади. Ортопедияда консерватив даво усулларидан редрессация, синган қўл-оёқни чўзиш, гипс боғлов қўйиш, силаш, даво машқлари ва бошқа(лар)дан ҳам кенг фойдаланилади. Антисептика, асептика, наркоз, кейинчалик рентгенографиянинг ривожланиши билан ортопедияда остеотомия, остеосинтез, артропластика, мушак пайларини кўчириб ўтказиш каби оператив усуллар ҳам қўлланилади.

1806 й. да рус хирурги Е.О. Мухин ҳаракат аъзолари хирургиясини тасвирлаб берди. Н. И. Пирогов ортопедия соҳасида илмий асарлар, Н. Эллинский десмургия тўғрисида қўлланма, Н. И. Студенский «Ортопедия курсини яратди ва ҳ. к. Рус шифокори И. В. Рклицкий биринчи бор суякни пардаси остидан арралаб операция қилди. Бу даврда сон ва тизза протезлари такомиллаштирилди. 19-а. охирида В. И. Кузьмин синган ва битмаган суякларни никель штифлар билан бириктириш усулини амалда татбиқ этди. 1900 й. да Петербург Ҳарбий-тиббиёт академиясида биринчи ортопедия кафедраси ва клиникаси ташкил этилиб, 1906 й. да ин-тга айлантирилди.

Ўзбекистонда бу соҳа 20-й. ларда ривожлана бошлади. 1926 й. да Ўрта Осиё унтининг тиббиёт ф-тида суяк сили ва ортопедия доцентлик курси жорий этилиши, 1930 й. да физиотерапия ин-тида ортопедия клиникаси очилиши, унинг 1931 й. да Ортопедия, травматология ва суяк сили илмий текшириш институтга айлантирилиши травматология ва ортопедия муаммолари устидаги тадқиқот ишларининг ривожланишига имкон берди. 1940 й. ин-т беркитилди, лекин унинг клиникаси Тошкент тиббиёт ин-ти таркибида ўз фаолиятини давом эттираверади.

2-жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда кўплаб госпиталлар очилди, ярадорларни даволаш, уларни ҳаётга, меҳнатга қайтариш йўлида республикамиз мутахассислари проф. О.Ш. Шокиров, проф. Н. М. Шоматов ва бошқа(лар) катта тажриба орттирдилар. Бу Ўзбекистонда суяк жарроҳлик ва протезлаш соҳаларининг ривожланишига асос бўлди.

Урушдан кейинги йилларда илмий текшириш ишлари тобора чуқурлаштириб борилди. Ўзбек олимлари томонидан жароҳатларни даволашда суяк пластикаси қилиш (Н. М. Шоматов), шарқ табобат усулларини қўллаш (О.Ш. Шокиров) устида чуқур илмий ишлар олиб борилди. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон учун жуда муҳим муаммо – болаларда туғма мажруҳликларнинг олдини олиш ва даволаш масаласига катта эътибор берилди. Н. М. Шоматов бошчилигидаги олимларнинг ҳаракатлари натижасида Ўзбекистонда болалар ортопедияси хизмати ташкил топди.

70-80-й. ларда Ўзбекистонда ўлка патлогияси деб ҳисобланадиган кенг тарқалган ортопедик касалликларни даволаш устида илмий текшириш лар олиб борилди. Қўл-оёқларнинг куйишдан кейинги шакл ўзгаришларини тери пластикаси ёрдамида даволаш (К. X. Тагиров, Б. М. Мирзимов, Р. Ф. Башкинова, С. М. Маннонов), болалар церебрал фалажи (Б. В. Шаварин), суяк синишини (Ў. С. Исломбеков), остеомиелит касаллигини (Ш. Ш. Ҳамроев, Ш. Б. Турғунов) даволаш бўйича қилинган илмий ишлар мамлакатда травматология ва ортопедия фанининг ривожланишида катта роль ўйнади.

ЎзРда ортопедик касалликларни Илизаров усулида даволаш бўйича илмий текшириш лар проф. Б. М. Миразимов номи билан боғлиқ. Ҳозир ортопедия масалалари билан Травматология ва ортопедия илмий текшириш институти, шунингдек, барча тиббиёт Йилларидаги ортопедия ва травматология кафедралари шуғулланади.

Загрузка...