Ўрта мия

Ўрта мия [mesencephalon] – бош миянинг оралиқ мия билан Варолий кўприги ўртасида жойлашган бўлаги. Мия оёқчалари, тўрт тепалик пластинкаси ва оёқчалар орасида жойлашган мия сув йўлидан иборат.

Ўрта миянинг кўндаланг кесимида 3 қисм тафовут қилинади: 1) том пластинкаси – тўрт тепалиги ўз ичига олган мия сув йўлигача бўлган қисм; 2) томча – мия сув йўли билан қорамтир моддагача бўлган қисм, бу ерда думалоқ шаклли қизил ядро жойлашган; 3) мия оёқчларининг асоси, у асосан, оқ моддадан иборат бўлиб, бош миянинг пўстлоғидан бошланувчи эфферент ўтказувчи йўллардан ташкил топган. Оёқчаларининг мия сув йўли атрофида III ва IV жуфт бош мия нервларининг соматик ва парсимпатик ядролари жойлашган. Ўрта мия мушаклар тонусини тартибга солиб, одам мувозанатини сақлаш ва юришда фаол қатнашади. Ўрта мия жроҳатланганида ёки касалланганда мушаклар кучли қисқариб, оёқ-қўллар букилмай қолади.

Тўрт тепаликнинг устки дўмбоқча ядролари кўзнинг тўр пардасидан импульслар қабул қилиб, керакли жавоб юборади, яъни ёруғлик томонга бошни буришда қатнашади. Кўзга келаётган нур йўналишига қараб кўз қорачиғнинг кенгайиши ёки торайишини, кўз гавҳарининг ҳолатини атроф-муҳитни аниқ кўришга (аккомодация) мослаштиради. Тўрт тепаликнинг пастки дўмбокчапарида жойлашган ядролар қулоқни товушга нисбатан мослаш, бошни товуш томонга буриш каби ҳолатларни идора этади (яна қ. Бош мия).

Загрузка...