Ўт-тош касаллиги, холелитиаз – организмда моддалар алмашинуви бузилиши натижасида ўт пуфаги ва ўт йўлларида тош пайдо бўлиши, уларда ўт димланиб қолиши билан кечадиган касаллик. Касаллик аёлларда кўпроқ учрайди. Секин-аста ривожланади. Кўпинча, бемор бир неча йил давомида ўнг қовурғалари остида оғирлик сезиб юради, оғзи тахирлашиб, жиғилдони қайнайди (хусусан, қовурилган, дудланган, тузланган маҳсулотлар истеъмол қилинганида). Бу Ў.-т. к. нинг дастлабки аломатлари бўлиб, касаллик кечиктириб юборилганда ўнг қовурғалар ости санчиб, оғриқ қорин, ўнг курак, ўнг елка, ўмров ва кураклараро соҳага тарқалади. Бу аломатлар ўт пуфагида тош пайдо бўлганлигини билдиради. Тошлар сони ва катта-кичиклиги ҳар хил, таркибига кўра бир хил (холестеринли, ўт пигментли, кальций тузли ва бошқа(лар)) ва аралаш бўлади.
Ҳаддан ташқари кўп овқат ёйиш, шунингдек, кам ҳаракат қилиш натижасида ўт димланиб қолиши ҳам Ў.-т. к. га олиб келиши мумкин. Ўт димланиб қолишига ўт пуфаги ва ўт йўлларининг яллиғланиши, уларда анатомик ўзгаришлар пайдо бўлиши (чандиқланиш, битиб қолиш) ва бу аъзолар ҳаракатининг сусайиши (бир маромда овқатланмаслик, қорин дам бўлиши, қабзият ва бошқа(лар)) сабаб бўлади. Овқатнинг хили, кишининг ирсий хусусиятлари, семиришга мойиллик ва бошқа(лар) Ў.-т. к. га сабаб бўлиши мумкин. Моддалар алмашинувининг бузилиши, ўт димланиб қолиши натижасида ўт таркибида ўт кислота миқдори камаяди; бу эса ўт пигментлари – холестерин ва билирбиннинг чўкиб, улардан тош пайдо бўлишига олиб келади. Ўт кислота миқдори истеъмол қилинадиган ёғ таркиби ва миқдорига маълум даражада боғлик; овқат таркибида ёғ кўп ёки кам бўлганида ҳам тош ҳосил бўлади. Ў.-т. к. да бемор шифокор буюрган овқатланиш тартибига қатъий амал қилиши зарур. Бадан тарбия билан шуғулланиш, семирмаслик чорасини кўриш Ў.-т. к. нинг олдини олишда аҳамиятга эга. Касаллик хуружида спазмолитик дорилар, ялиғланишга қарши антибиотик ва сульфанил-мидлар қўлланади. Касаллик узоқ давом этса ва асорат берса, операция қилинади.
[addtoany]