Панкреатит [юн. pankreas – меъда ости бези] – меъда ости безининг яллиғланиши. Ўткир ва сурункали бўлади. Ўткир панкреатит алкоголизм, ёлчитиб овқатланмаслик ёки меъёридан ортиқ овқат ёйиш, шунингдек, ўт тоши касаллиги натижасида пайдо бўлади. Панкреатитга меъда ости бези томирларининг зарарланиши ёки унга тромлар тикилиб қолиши, инфекцион касалликлар, шикастланишлар ва қорин бўшлиғидаги турли яллиғланишлар сабаб бўлади. Ўткир панкреатитда меъда ости бези шишади; безнинг яллиғланган қисми ирийди ёки тўқималари нобуд бўлади. Касалликнинг клиник белгилари, кечиши ва оқибати меъда ости бези зарарланган қисмининг катталиги ва оғир-енгиллигига боғлиқ. Ўткир панкреатитнинг оғир шаклида қориннинг юқори қисми қаттиқ оғрийди ва оғриқ орқага тарқалади; беморнинг кўнгли айниб, қусади, ел келмайди, оғриқ зўрлигидан ҳушдан кетиб қолади, шок, коллапс ҳолатлари ҳам кузатилади. Ўткир касалликка хос аломатлар пайдо бўлганда зудлик билан тез тиббий ёрдамни чақириш, беморни ётқизиб қўйиш лозим.
Сурункали панкреатит худди ўткир турдаги касалликка ўхшаш пайдо бўлади. Кўпинча, ўткир панкреатит ўз вақтида даволанмаса, касаллик сурункали тус олади.
Бунда қорин соҳаси (асосан, юқориси) санчиб оғрийди ва оғриқ чап томонга тарқалади, беморнинг кўнгли айниб қусади, иштаҳаси йўқолади, ичи кетади, ахлати худди лойга ўхшаш бўлади. Лаборатория текширувларига асосланиб, хусусан, меъда ости бези ферменти (амилаза) ни қон ва сийдикда аниқлаб диагноз қўйилади. Сурункали П. қўзиган даврда уни фақат шифокор даволайди. Касаллик хуружлари орасидаги даврда парҳезга қатъий риоя қилиш талаб этилади; карбонсувли ва ёғли овқатлардан ўзни тийиш, кўпроқ оксилга бой овқатлар ёйиш ва шифокор кўрсатмаси бўйича ферментлар қабул қилиш мумкин.
Панкреатитнинг олдини олишда энг муҳими унга сабаб бўладиган омилларни бартараф этишдан иборат.
[addtoany]