Параметрит

Параметрит [пара… – атрофида ва юн. metra – бачадон] – бачадон атрофидаги ёғ тўқимаси (клетчатка) нинг яллиғланиши. Йиринг ҳосил қилувчи микроблар (асосан, стрептококк, стафилококк, ичак таёкчаси) кўзғатади. Параметритга, кўпинча, ножўя қилинган аборт, туғруқнинг норасо кечиши туфайли жинсий аъзоларнинг зарарланиши, баъзан қовуқ ҳамда ичакларнинг сурункали касалликлари ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Параметритнинг ўткир ва сурункали шакли фарқ қилинади. Параметритда тана ҳарорати кўтарилади, эт увишиб, қорин пасти оғрийди, бемор дармонсизланади. Қин орқали текшириб инфильтрат пайдо бўлганлигини аниқлаш мумкин. Баъзан инфильтрат йиринласа, йиринг ковукка, тўғри ичак ёки қорин бўшлигига тешиб ўтиши ҳам мумкин. Шу боис ўткир П. да дарҳол шифокорга мурожаат этиш керак, акс ҳолда, йирингли П. пайдо бўлиб, йиринг қўшни аъзо ва тўқималарга, ҳатто қонга ўтиши мумкин.

Параметритнинг олдини олиш учун асосий аборт, айниқса, яширин абортдан сақланиш, ҳомиладорликни тўхтатиш зарур бўлса, фақат стационар шароитда амалга ошириш лозим. Параметритнинг ўткир шаклида бемор ўринда ётиши тавсия этилади, антибиотиклар, яллиғланишга қарши дорилар буюрилади; сурункалисида физиотерапевтик муолажалар, курортларда даволаниш мақсадга мувофиқ; йиринглаш ҳолларида хирургик усул қўлланади.

[addtoany]