Паразитизм [юн. parasitos – текинхўр, ҳамтовоқ, паразит ва ismos – касаллик ҳолати] – (биологияда) озиқланиш орқали боғланган ва ўзаро моддалар алмашинувига асосланган, генетик жиҳатдан турлича бўлган организмларнинг тарихий шаклланган ассоциацияси. Паразитизмда бир организм (паразит) иккинчи организм (хўжайин)дан яшаш муҳити ва озиқ манбаи сифатида фойдаланади: иккала организм ҳам ўзаро антагонистик муносабатда бўлади. Бундан ташқари, паразит-хўжайин муносабатлари организмда иммунобиологик реакцияларни келтириб чиқаради. Ҳайвонот дунёсининг деярли барча тилларида паразитлик билан ҳаёт кечирувчи турлар мавжуд. Баъзи бир синфлар
(сўрғичлилар, тасмасимонлар), ҳатто тиллар (споралилар, микроспоридлар, тиканбошллар) фақат паразит турларни ўз ичига олади. Бўғимоёқлилар типида паразитлар ҳашаротлар ва ўргимчаксимонлар синфи вакиллари орасида кўп учрайди. Умуман Ер юзида мавжуд бўлган ҳайвонлар турининг 60-65 минги (4—5 %) паразит ҳаёт кечиради. «П.» терминининг келиб чиқиши Юнонистонда, Перикл даврида (мил. ав. 5-а.) мавжуд қонунга асосан, кўзга кўринган давлат арбоблари кексалик ёшида давлат қарамоғига ўтишган. Улар учун қурилган махсус пансионлар параситария, у ерда яшовчилар эса парас(з)итлар деб аталган. Рим империяси даврида паразит сўзи ўзгалар ҳисобига яшовчи маъносини англатиб, ҳоз. кунгача сақланиб қолган. Бу сўз биология, ветеринария ва тиббиётда ҳам худди шу маънода кириб келган бўлиб, бошқа организм (хўжайин) тўқималари ёки ҳазм қилган озиқ моддалар билан озиқландиган, унинг ички аъзолари ёки тана юзасида вақтинча ёки доимий яшайдиган организмни англатади. Рус олими Р. С. Шульцнинг фикрича, паразитизмнинг 1- мезони унинг яшаш жойи; озиқланиш усули (метаболитик боғлиқлиги) ва 3- хўжайин организмига патоген таъсиридан иборат. И. И. Мечников паразитизмни бошқа организмлар ҳисобига яшовчи ва озиқланувчи жониворлар деб таърифлаган. Паразитизм билан боғлиқ ҳодисалар одам ва ҳайвонларда анча батафсил ўрганилган бўлишига қарамай, унинг келиб чиқиши ва шаклланиши масалаларининг кўп жиҳатлари ҳозиргача маълум эмас. Бу, аввало, ҳайвонлар эволюцияси билан боғлиқ.
Яшаш жойига кўра, паразитизм ташқи – эктопараитизм (паразит хўжайин танасининг ташқарисида яшайди) ва ички – эндопаразитизм (паразит хўжайин организми ичида яшайди), яшаш муддатига кўра, вақтинчалик (паразит ҳаётининг маълум бир қисми паразитлик билан ўтади) ва доимий (стационар) (паразитнинг ҳамма ривожланиш босқичлари паразитлик билан ҳаёт кечиради) бўлади.
Паразитларни ўрганиш ва уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш билан паразитология, гельминтология, микробиология, вирусология ва фитопатология шуғулланади. Эволюция жараёнида организмлар ўртасида турли хил биологик, хусусан, индифферент (бетараф), симбиоз (ўзаро фойдали), антагонистик (қарама-қарши) муносабатлар вужудга келган.
Индифферент муносабатдаги организмлар бир хил шароитда ва битта ҳудудда биргаликда яшаб, бир-бирига фойда ёки зиён келтиримайди (масалан, денгиз остида яшовчи актиниялар, денгиз юлдузлари, қискичбақасимонлар).
Симбиоз муносабатда 2 ёки ундан ортиқ организмлар ўзаро манфаатдорликда яшайди. Бу муносабатлар асосида ижарада яшовчанлик (синойкия) ва озиқланиш орқали боғланиш (комменсализм) ётади. Барча паразитлар эволюция жараёнида эркин яшовчи организмладан, кўпчилик эктопаразитлар эса йиртқичлар озиқланиш муддатининг аста-секин узайиши натижасида келиб чиққан. Эктопаразитлар, айниқса, бўғимоёқлилар орасида кўп учрайди. Узоқ эволюция жараёнида бўғимоёқлилар умуртқали ҳайвонлар билан озиқланиш туфайли боғланишда бўлиши орқали аста-секин эктопразитларга айланиб борган. Каналар, пархўлар, патхўрлар, жунхўрлар, битлар ва бургалар худди шу йўл билан вужудга келган. Кўпчилик умуртқасизларнинг умуртқали ҳайвонлар териси, жабра ёриклари ёки бошқа аъзоларига ёпишиб ҳаёт кечириши, улар аста-секин бетоб кириб озиқланиши ўтиши туфайли эктпаразитларга айланиб борган. Инфузориялар ва паразит қисқичбақасимонлар бунга мисол бўлади. Баъзи хашаротларнинг личинкалари қуруқликдаги умуртқали ҳайвонларнинг парзитлари ҳисобланади. Дастлаб бу личинкалар яралардаги нобуд бўлган тўқималар ёки ўлган ҳайвонлар билан озиқланган. Кейинчалик улар тирик тўқималар билан озиқланишига мослашиб, ҳақиқий паразитларга айланган. Эндопаразиларнинг келиб чиқиши кўп жиҳатдан эктопразитларнинг эволюцияси билан бевосита боғлик. Терида паразитлик қилувчи инфузорияларнинг бир гуруҳи ва ҳашаротлар личинкалари шу тариқа эндопаразитларга айланган. Рус олими В. А. Догелнинг фикрича, эркин яшовчи умуртқасиз ҳайвонларнинг цисталари, тухумлари ёки личинкалари тасодифан овқат ҳазм қилиш органларига тушиб қолиб, у ерда ривожланишни давом эттириши натижасида эндопаразитларга айланиб қолган. Кўпчилик бир ҳужайралилар ва нематодалар шу йўл билан келиб чиққан бўлиши мумкин. Қон паразитлари паразитизмга юксак даражада мослашган бўлиб, дастлаб улар ичакда паразитлик қилган, кейинчалик турли йўллар билан қонга ўтиб, у ерда яшашга мувофиқлашган бўлиши мумкин. Паразитларнинг ҳаёт цикли ва тарқалишини ўрганиш уларга қарши кураш ва, айниқса, касалликларнинг олдини олишда жуда муҳим. Бунда паразитлар, паразит ташувчи ва оралиқ хўжайинлар дорилар ёрдамида йўқотилади. Паразит (зараркунанда) ўсимликларга қарши биологик курашдан (масалан, парда қанотли ҳашаротлар – яйдоқчилардан) кенг фойдаланилади.
[addtoany]