Парҳез билан даволаш

Парҳез билан даволаш, диетотерапия – баъзи касалликлар (гастрит, этерит, колит, яра касаллиги, жигар, буйрак хасталиклари ва бошқа(лар))ни даволаш ва олдини олиш мақсадида парҳездан фойдаланиш. П. билан диетотерапия дори-дармонлар ва бошқа(лар) даво воситалари билан бирга қўлланади. П. билан диетотерапия қадимдан маълум, аммо унинг илмий асослари фақат 19-а. нинг 2-ярмда ишлаб чиқилди, бунда рус олимлари И.П. Павлов ва И. М. Сеченов яратган физиологик қоидаларнинг аҳамияти катта бўлди. П. нинг асосий принциплари: овқатланиш радиони, тартиби ва масаллиқни пишириш усулини белгилашда шахсий ёндашиш; касалликнинг характери, беморнинг аҳволи ва организмнинг ўзига хос хусусиятлари, овқатнинг миқдор ва сифат жиҳатдан мутаносиб бўлиши, беморга касаллиги туфайли бирор озиқ модда ёки овқат маҳсулотини бериб бўлмайдиган ёки чеклаб қўйиладиган ҳолларда рационни оқсиллар, ёғлар, карбонсувлар, минерал моддалар ва витаминлар бирмунча мувофиқ келадиган қилиб белгилашдан иборат. Шу боис П. билан д. фақат шифокор маслаҳатига мувофиқ ҳамда унинг кузатуви остида олиб борилади. Кам овқат ейиладиган кунлар буюриш, осон сингадиган овқат ҳисобига унинг сифатини чеклаш, овқатланиш тартибини ўзгартириш, масаллиқларга махсус пазандалик ишлови бериш усуллари П. да кенг қўлланади. Бунда овқат радиони шифобахш ва тўйимли бўлиши, шунингдек, организмнинг витаминлар, микроэлементлар ва биологик фаол моддаларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириши лозим.

Тўйимли овқатланиш организмнинг касалликларга қарши курашиш, шикастланган аъзо ва тизимлар ишини яхшилаш, моддалар алмашинувини ва организмнинг умумий ҳолатини меъёрлаштириш имконини беради. П. билан диетотерапия стационар, санаторий-курорт ва амбулатория шароитида қўлланади.

Кам овқат ейиладиган кунлари бирор хил озиқ-овқат маҳсулоти, масалан, олма, творог, сут кун бўйи оз-оздан бериб борилади. Бундай кунларни шофокор буюради ва унинг назорати остида давом эттирилади. Семизлик, атеросклероз, юрак-томир касалликлари, гипертония ва бошқа(лар)да туз ва суюқликни кам истеъмол қилиш ҳисобига овқат миқдор жиҳатидан чекланади.

Ейиладиган овқат миқдорини кескин камайтириш фақат стационар шароитида ёки маълум даволаш муассаларида мутахассис шифокор назоратида амалга оширилиши керак, чунки даволашнинг бу усули ҳар кимга ҳам тавсия этилавермайди. Ўз билгича бу усулни қўллаш май этилади. Баъзан буткул оч қўйиш саломатликка жиддий путур етказиши ва айрим аъзолар (жигар, мия ва бошқа(лар))да тузатиб бўлмайдиган ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳар бир организм очликка ҳар хил чидайди, бундай жиддий синовга ҳар қандай организм ҳам бардош беравермайди. Озишни ўйлаб ўз билгича оч юриш парҳезга кирмайди, аксинча моддалар алмашинувини бузиб, касалликка олиб келади.

Овқат маҳсулотларини сифатига кўра чеклашда уларнинг механик ва кимёвий хусусиятлари ҳисобга олинади. Механик чеклаш деганда дағал, бадҳазм овқат маҳсулотлари ёки уларнинг айрим қисмларини, масалан, дағал клетчаткага бой бўлган ўсимлик маҳсулотлари ҳамда гўштнинг қаттиқ қисмларини овқатга ишлатмаслик тушунилади. Кўпроқ йирик тортилган ундан ёпилган нон, турп, шолғом, редиска, карам, бодринг, дуккаклилар, тирикрок қилиб пиширилган бўлсалар чекланади. Механик чеклаш пазандалик ишлови бериш усулида ҳам қўлланади, яъни гўшт қиймаланади (котлетлар, биточкилар, фрикаделькалар); сазавотлар эзилган пюре, запеканка шаклида берилади. Ёрма (перловка, сули, гуруч ва бошқа(лар))дан тайёрланган шўрвалар эзилтириб пиширилади.

Кимёвий чеклашда ҳазм безлари секрциясини кучайтирувчи ва меъда-ичакнинг мотор (ҳаракат) фаолиятини қўзғатувчи таомлар кам бўлади, овқат рационида қуюқ бульонлар (гўштли, балиқли, сабзавотли), қовурмалар (котлетлар, бифштекслар, қовурилган картошка), усти қизартириб пиширилган таомлар, қуюқ ёғли ўткир сардаклар, зираворлар, тузланган бодринг, янги ёпилган юмшоқ нон, қуймоқлар чиқариб ташланади. Сувда ва буғда пиширилган овқатларда ҳазм безлари секрциясини кимёвий йўл билан қўзғатувчи моддалар бир қадар чекланган бўлади. П. да беморнинг аҳволи, унинг ҳаракат қилиш имконияти ва касаллик характерига кўра белгиланадиган овқатланиш тартибига амал қилишга катта аҳамият берилади.

Беморлар кунига 4-5 маҳал овқатланиши, овқатланиш орасидаги вақт 4 соатдан ошмаслиги керак. Айрим ҳолларда даволаш мақсадида бўлиб-бўлиб овқатланиш тартиби тавсия этилади, бунда овқат оз-оздан тез-тез қабул қилинади. П. да касаллик характерига мос келадиган алоҳида овқатлар берилади. Ўсимлик маҳсулотлари – янги сабзавотладан тайёрланган салатлар, қовун-тарвузлар ҳам парҳез таомлар ҳисобланади, чунки уларда витаминлар, ферментлар, фитонцидлар, микроэлементлар, органик кислоталар, жуда фойдали, семиртириб кўрмайдиган қанд моддалари (фруктозалар) кўп бўлади. П. да янги хом сабзавот ва меваларни кўп бериш билан уларнинг ишқорий таъсири таъминланиб, атеросклерозга олиб келувчи ацидотик (кислоталик) ўзгаришларга барҳам берилади. Ҳатто соғлом кишилар ҳаяжонланганида, кам ҳаракат қилганида ва бошқа(лар) нохуш омиллар таъсирида организмнинг сабзавот ва меваларга бўлган эҳтиёжи ортади. Шу боис сабзавот ва мевалар бемор ҳамда соғлом кишилар ҳаёти учун зарур маҳсулотлардан ҳисобланади. Кишининг тегина соғайиб кетишини таъминловчи моддалар кўпгина овқат маҳсулотларида мавжуд. Улар, айниқса, сут маҳсулотлари (кефир, простоквша, сметана, творог)да кўп бўлади. Парҳез хусусиятига эга гўшт маҳсулотларига: ёғсиз мол гўшти, товуқ, қуён гўшти ва жигар киради. Деярли барча сабзавот ва мевалар (турп, шовул, дуккаклилардан ташқари) парҳез маҳсулотлар ҳисобланади. Замонавий парҳез таомларда одатдаги овқат маҳсулотларидан кенг миқёсда фойдаланилади, лекин улар янги ва сифатли бўлиши керак.

1999 й. да Ўзбекистон соғликни сақлаш вазирлиги буйруғи билан Тошкент тиббиёт академияси ички касалликлар пропедевтикаси қошида диетология маркази ташкил этилиб, унда ўзбек миллий таомларининг парҳез хусусиятлари ўрганилмоқда.

[addtoany]