Патогенез [юн. pathos – касаллик ва …генез] – касаллик ва унинг айрим белгилари пайдо бўлиши ҳамда ривожланишидаги жараёнлар мажмуи; патологиянинг бир бўлими. Ҳужайра, тўқима ва аъзоларнинг шикастланиши, организмнинг носпецифик жавоб реакциялари ва типик патологик жараёнлар (масалан, яллиғланиш) нинг ривожланиши патогенезнинг умумий қонуниятларидир. Носпецифик жавоб реакциялари ва типик патологик жараёнлар умумий патогенезнинг мазмунини ташкил этади. Касалликларнинг ривожланишида шикастланишдан содир бўладиган турли реакцияларнинг мураккаб комплекси кузатилиб, улар турнинг яшаши учун фойдали бўлиши, шахсга нисбатан эса (ривожланиш даражаси, давом этиш муддати ва бошқа(лар) омилларга қараб) ҳам фойдали, ҳам зарарли бўлиши мумкин. Масалан, тана ҳарорати кўтарилиши инфекцияга қарши курашишга кўмаклашади, аммо ҳ-ранинг ҳаддан ташқари (40° дан юқори) кўтарилишининг ўзи ҳаёт учун хавфли оқибатларга (артериал қон босимининг пасайиб кетиши ва бошқа(лар)) олиб келиши мумкин.
Айрим касалликларда патогенез қонуниятларини, яъни организм тўқималари, аъзолари ва тизимларининг типик («стандарт») морфологик, биокимёвий ва физиологик ўзгариш қонуниятларини ҳамда уларга хос клиник кўринишларни (иситма тури, қондаги ўзгаришлар ва ҳ. к.) билиш касалликни аниқлаш, прогнозлаш ва патогенетик даволаш (яъни асосий патологик жараённи ва патогенетик омилларни бартараф қилишга қаратилган даволашнинг асосий нгизидир. Масалан, ирсий нуқсонлар туфайли организмда инсулиннинг етарли даражада ҳосил бўлмаслиги болада қандли диабетнинг вужудга келишига сабаб бўлади.
Патогенетик даводан фарқли ўлароқ, этиологик давода касаллик сабаби бартараф қилинади, симптоматик давода эса касалликнинг айрим белгилари камаяди ёки йўқолади. Масалан, йирингли менингитда пенициллин – этиологик, сийдик ҳайдовчи моддалар – патогенетик, оғриқсизлантирувчи моддалар – симптоматик даво воситаси ҳисобланади.
Касаллик бутунлай йўқолиши, яъни тўқимадаги етишмовчилик тўлдирилиши ва фаолияти тикланиши ёки тиклаб бўлмайдиган ўзгаришлар юзага келиши (масалан, яра ўрнида чандиқ ҳосил бўлиши) ва, ниҳоят, ўлим билан тугалланши мумкин.
[addtoany]