Педиатрия институти – Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлигига қарашли илмий текшириш муассасаси. 1927 й. да Тошкент ш. да ташкил этилган. Дастлаб Оналик ва болаликни мухофаза қилиш илмий текшириш институти деб номланган. Тошкент тиббиёт ин-ти (ҳоз. Тошкент тиббиёт академияси)да педиатрия ф-ти ташкил қилиниши туфайли 1940 й. да ёпилиб, 1966 й. да қайта ташкил этилган. 1969 й. дан шу номда.
Ин-тда 300 ўринли клиника (болалар учун 150 ўрин, акушерлик ва гинекологик беморлар учун 150 ўрин), 7 клиник бўлим (аллергология, гастроэнтерология, пульмонология, чала туғилган болалар, 1 ёшгача бўлган гўдаклар касалликлари, акушерлик-гинекология, терапия), лабораториялар, дорихона, кутубона бор (2015). 1972-80 й. ларда ин-т ва клиникаси таркибида Ўзбекистонда болалар аллергология маркази, 1980-89 й. ларда болалар пульмонология маркази, 1990-96 й. ларда болалар гепатология маркази ишлаб турди. 1974 й. да акушерлик ва гинекология бўлими негизида Ўзбекистон акушерлик ва гинекология илмий текшириш институти ташкил топди. 1976 й. да боласи билан ётган оналарни соғломлаштириш учун 60 ўринли терапия бўлими очилди. 1983 й. да 2 сув ҳавзаси бўлган 30 ўринли шифобахш физкультура ва шифокор назорати бўлими, 30 ўринли ташхис қўйиш бўлими ҳамда 300 қатновга мўлжалланган маслахат-диагностика поликлиникаси ишга тушди. 1995 й. дан она сути билан овқатлантиришни рағбатлантириш маркази ишлаб турибди. Ин-тда 1997 й. да диарея ва ўткир респиратор касалликлар инфекциясига қарши кураш маркази, 1999 й. да репродуктив ёшдаги аёлларни соғломлаштириш маркази очилди.
Ин-т ходимларидан 19 фан д-ри, 112 фан номзоди етишиб чиқди. Ин-тда 38 илмий ишлар тўплами, 23 монография, 300 дан ортиқ методик қўлланмалар нашр этилди.
[addtoany]