Периостит [пери… ва юн. osteon — суяк] – суяк пардаси (периост)нинг яллиғланиши. Суякнинг ўзи, кўмиги, Говерс каналлари, суяк атрофидаги тўқималар яллиғланиши оқибатида вужудга келади. Ўткир ва сурункали бўлади. Суяк пардасига жароҳат орқали, қон ва лимфа билан йиринглатувчи микроблар кириши ёки яллиғланиш жараёни суякдан бевосита суяк пардасига ўтиши натижасида ўткир периостит келиб чиқади: беморнинг дармони қурийди, эта увишади, ҳарорати 39-40° гача кўтарилади, боши оғрийди. Периостит бўлган жой шишади, қизаради, қизийди ва тери ялтиллаб туради. Жараён зўрайганда, суяк пардаси остида йиринг тўпланади. Ўткир касаллик ўз вақтида даволанмаса, сурункали периоститга айланиб кетади. Периостит остеомиелит ва суякнинг бошқа касалликлари белгиси бўлиши ҳам мумкин. Яллиғланиш бўлган жойга иссиқ қилиш ва антибиотиклар, физиотерапия буюрилади.
[addtoany]