Плацента [юн. plakus – кулча], бола ўрни, йўлдош – ҳомиладорлик даврида ҳосил бўладиган ва ҳомила билан она организмини бир-бирига боғлаб, улар ўртасида моддалар алмашинувини таъминлайдиган орган. Ҳомила П. орқали она қонидан кислород ҳамда озиқ моддалар олиб, унга парчаланиш маҳсулотлари ва карбонат ангидрид ажратади. Плацента ҳомилага ҳар хил моддалар келишини бошқариб, тўсиқ вазифасини ҳам ўтайди. Плацентада ферментлар ва витаминлар бўлади; унда она организмига таъсир этувчи гормонлар (гонадотропин, эстроген, прогестерон) ва бошқа(лар) моддалар синтезланади. У ҳомиладорликнинг 4-ойида тўлиқ шаклланади: меъёрий ривожланган ҳомила П. си юмалоқ, қалин, юмшоқ, шакли кулчага ўхшайди. Ҳомила П. га киндик ёки киндик тизимчаси орқали бирикади. Плацентанинг иккита юзаси: бачадон деворига қараган она юзаси (базал пластинка) ва ичкарига – амнион (ҳомила копи) бўшлигига қараган ҳомила юзаси бўлади. Киндик қон Томирлар билан шу ҳомила юзасига бирикиб туради. Плацента фаолиятининг бузилиши ҳомиладорликда турли асоратларга, масалан, боланинг чала туғилиши, П. нинг эрта ажралиши, ҳомиладорлик токсикозлари ва бошқа(лар)га сабаб бўлади (яна қ. Йўлдош).
[addtoany]