Протез

Протез [юн. prothesis – қўшиш, улаш] – қўоёқларнинг йўқ қисмлари ёки тана ва аъзоларнинг бошқа майиб қисмлари ўрнида вақтинча ёки доимий ишлатиладиган механик мослама. Косметик нуқсонли яшириш (масалан, кўз протез зи) ёки ўзгарган фаолиятни тиклаш (масалан, панжа, тиш) учун хизмат қилади.

Косметик, ишчи ҳамда даво протезлари фарқ қилинади. Фаол, ҳаракатланувчан ва ушлаш фаолиятини бажарадиган ишчи протезлар корхоналарда ишлаш имконини беради. Одатда, бу хил протезнинг ичига ишлаш мосламалари жойлаштирилади. Косметик (анатомик) протез йўқотилган аъзо (масалан, Қўл-оёқ, кўз, тиш, қулоқ чиганоғи, кўкрак бези ва бошқа(лар)) шакли ва қисман фаолиятини тиклаш учун ишлатилади. Даво протези бирор аъзо фаолиятини тиклаш мақсадида вақтинча қўлланади (масалан, ортопедик пойабзал, сколиозда танага қийдириладиган корсет, бандаж, ортопедик аппаратлар ва ҳ. к.). Қўл ва оёқ П. лари бир неча хил бўлади. Оёқ панжаси кесилганда панжа, тўпикдан тиззагача кесилганда болдир, болдирдан чаноқ бўғимигача кесилганда сон ва умуман оёқ бўлмаганида чаноқ-сон П. идан фойдаланилади. Қўл П. ининг эса панжа, билак, елка ва бошқа хиллари бўлиб, бу кўпроқ ампутация қилинган соҳага мосланади. Протез полиэтилен, хлорвинил, термопласт ва бошқа(лар) материаллардан енгил, қулай ва чидамли, гигиеник талабларга жавоб берадиган қилиб тайёрланади. Ўзбекистонда П. лар очиқ турдаги «Ортопедия» акциядорлик жамияти заводида тайёрланиб, ногиронларга бепул берилади ва вақт-вақти билан алмаштириб турилади.

[addtoany]